Линклар

logo-print

Ўзбекистонда компьютер ўйинлари оммавийлашмоқда

  • Ҳасанжон

Компьютер ўйинлари бўйича Ўзбекистоннинг жорий йилги биринчилигида 3 минг ўйинчи, яъни геймер иштирок этмоқда. Ўтган йили ўтказилган илк чемпионатда 2,5 минг геймер қатнашганди.

Бу йилги чемпионат ташкилий қўмитаси раиси Александр Сучковнинг “Озодлик” радиосига айтишича, биринчиликнинг илк босқичида Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Фарғона шаҳарларида саралаш мусобақалари ўтказилади. Мазкур мусобақаларда ғолиб бўлганлар 1 июль куни Тошкентда бўлиб ўтадиган финал ўйинларида қатнашади. Ўзбекистон биринчилигида ғолиб чиққан саккиз геймер жорий йил ноябрь ойида Сингапурда ўтказиладиган жаҳон биринчилигида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.

Ўзбекистон чемпионатида компьютер ўйинларини яхши ўйнай оладиган ҳар қандай фуқаро қатнашиши мумкин. 2005 йилги Ўзбекистон биринчилигида Warcraft III: Frozen Throne, StarCraft: Brood War, Half-Life: Counter strike, Need for speed2: Underground ўйинлари бўйича мусобақалашилади.

Компьютер ўйинлари бўйича бу йилги Ўзбекистон чемпионатига “Samsung Electronics” компанияси асосий ҳомий ҳисобланади. Бу компания Ўзбекистон терма жамоасининг Сингапурда ўтадиган жаҳон биринчилигига бориш-келиш бўйича барча харажатларини ҳам тўлиқ зиммасига олган.

А.Сучковнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида кучли саккизликдан жой олса, “Samsung Electronics” компанияси келаси йилда терма жамоа учун янада кўпроқ маблағ ажратишни режалаштирган.

Жаҳон чемпионатида якка тартибдаги биринчи ўрин ғолибига 25 минг, иккинчи ўринга 15 минг ва учинчи ўринга эса 5 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот белгиланган. Ғолиб жамоага 50 минг, иккинчи ўринга 25 минг ва учинчи ўринга 15 минг доллар берилади.

А.Сучковнинг сўзларига қараганда, компьютер ўйинлари тез фикрлаш, жамоада бир-бирини тушуниш қобилиятини ривожлантиради.
XS
SM
MD
LG