Линклар

Қувайт билан алоқалар Ўзбекистонга наф келтирадими?

  • Ҳасанжон

Қувайтнинг Араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси вакиллари ва Ўзбекистон расмийлари ўртасидаги музокаралар чоғида 115 километрлик “Тошкент–Ангрен” темир йўл тармоғини электрлаштириш лойиҳаси бўйича кредит битими имзоланди.

Мазкур жамғарма бош директори ўринбосари Ҳишом ал-Вақаён раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга сафари давомида яна бир қанча расмий идораларда музокаралар ўтказилди.

Ушбу делегация сафари Ўзбекистонга қандай фойда келтириши, умуман араб давлатларининг расмий Тошкент билан алоқалари мамлакат учун қандай аҳамиятга эгалиги ҳақида маҳаллий кузатувчилар турли фикрларни билдирмоқда.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг айтишича, мамлакатга хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб этиш учун Ўзбекистон нафақат Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ёки Хитой, балки араб давлатлари билан ҳам алоқаларини кенгайтириши лозим. Чунки нефтга бой араб давлатлари жуда катта миқдордаги сармояга эга. Бу маблағларни Ўзбекистонга жалб этиш фойдадан холи бўлмайди.

К.Алиевнинг фикрича, Қувайт билан муносабатларнинг кенгайиши Ўзбекистоннинг араб давлатлари билан алоқалари ривожланишига ижобий таъсир этади.

“Яқин кунларда Ўзбекистоннинг Ғарб мамлакатларидан оладиган ёрдами бутунлай тўхтаб қолиши мумкин. Демак Ўзбекистон ўзига ёрдам келадиган муқобил йўналишни излашга мажбур”, - деди К.Алиев.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, Қувайтнинг Ўзбекистонга сармоя киритиши ҳозирча мавҳумдир. Чунки Ўзбекистонда чет эл сармояси учун шароит яхши эмас. Қолаверса, мамлакатда сиёсий беқарорлик мавжуд.

Т.Йўлдошев Қувайт билан муносабатларнинг кенгайиши Ўзбекистоннинг араб давлатлари билан алоқалари ривожига ижобий таъсир этади, деган фикрга қўшилишини айтди.

Унинг билдиришича, ҳозир Қувайт Ислом анжумани ташкилотида анча фаол бўлиб, Ўзбекистон билан алоқаларни ислом мамлакатлари номидан кенгайтиришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG