Линклар

logo-print

Брюссел анжумани кун тартибида Ироқ келажаги


А.Арал Чоршанба куни Брюсселда 80 дан зиëд давлат вакиллари иштирокида Ироқни қайта тиклаш масалаларига бағишланган халқаро анжуман иш бошлади. Ушбу йиғилиш Ироқ муваққат ҳукумати учун декабр ойида ўтказиладиган сайловлардан олдин мамлакат сиëсатини белгилаб олишда қулай имконият яратиши айтилмоқда. Коференция кун тартибидан Ироққа янги молиявий ëрдам кўрсатиш масаласи ўрин олмади. Аммо шунга қарамай¸ мамлакатдаги сиëсий ва иқтисодий ислоҳотлар масаласи анжуман бош мавзуларидан бири бўлди.

Брюссел анжуманида Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо барча давлатлар ҳамда Ироққа қўшни мамлакатлар вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг икки мақсадга хизмат қилиши айтилмоқда. Биринчидан¸ Ироқнинг асосий ҳомийлари – АҚШ¸ Европа Иттифоқи ва НАТОнинг Ироқ муваққат ҳукумати режалари билан яқиндан танишиб олишига имконият яратса¸ иккинчидан¸ Ироқ халқаро жамоатчиликни мамлакат сиëсий ва иқтисодий ислоҳотларини ҳимоя қилишга жалб этиши учун қулай фурсат бўлади.

Ироқ Ташқи ишлар вазири Ҳушëр Зебарий йиғилишнинг Ироқ учун аҳамияти ҳақида гапираркан¸ жумладан бундай деди:
“Бу анжуман бағоят рағбатлантирувчи бир майдондир. Бу халқаро жамоатчиликнинг Ироқ масаласида бирлашганини ва Ироқ ҳукумати муаммоларига қулоқ тутаëтганини кўрсатади. Бу майдон биз учун - Ироқ ҳукумати учун халқаро ҳамжамиятга ëрдам ва ҳимоя сўраб мурожаат қилишга имконият яратади”.

Йиғилишда маъруза қилган БМТ Бош котиби Кофи Аннан Ироқни халқаро ҳамжамият ўз ҳимоясига олаëтганини таъкидлади.

“Халқаро жамоатчилик Ироқ ҳукумати ва халқини қўллаб-қувватламоқда. Бундан бир йил олдин қабул қилинган БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1546 сонли резолюциясида кўрсатилган Ироқни қайта тиклаш масаласи муваффақиятли амалга ошиши керак”¸ - деди БМТ Бош котиби.

Ироқ урушига қаттиқ қаршилик билдириб келган Германия Ташқи ишлар вазири Йошка Фишер ҳозир Берлин Ироқни қайта тиклаш ишларига катта ҳисса қўшиб келаëтганини айтди.

“Биз Ироқ полицияси ва аскарларини тайëргарликдан ўтказишга ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Ҳозирга қадар мингдан зиëд кишини тайëргарликдан ўтказдик. Хавфсизлик вазияти имкон берса¸ биз қурилиш жараëнларига кўпроқ ҳисса қўшишимиз мумкин”¸ - деди Германия Ташқи ишлар вазири.

Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стронинг билдиришича¸ АҚШ бошчилигидаги Ироқ уруши масаласида бўлиниб қолган халқаро жамоатчилик қайта бирлашмоқда.

“Бу анжуман Ироқ урушидан олдин ва уруш пайтида халқаро жамоатчилик ўртасида юз берган бўлиниш бартараф этилиб¸ қайта бирлашаëтганларига яққол мисолдир. Ҳозир халқаро жамоатчилик Ироқда демократия¸ тинчлик ва осойишталикни барпо этиш ғоясини фаол қўллаб-қувватламоқда”¸ - дейди Британия Ташқи ишлар вазири.

Анжуманда нутқ сўзлаган Ироқ Бош вазири Иброҳим Жаъфарий Ироқ кучлари мамлакатдаги вазиятни тўла назорат остига олгунига қадар терроризмга қарши биргалашиб кураш олиб бориш кераклигини таъкидлади. Терроризм хавфи бартараф этилганидан кейин коалиция кучлари Ироқни тарк этишлари мумкинлигини билдирди.

“Бизнингча¸ Ироқдаги коалиция кучларига вақтинчалик зарурат бор. Ироқ кучлари вазият учун жавобгарликни ўз зиммасига олганидан кейин¸ террорчилар келаëтган мамлакатлар ўз чегараларини тўлиқ назорат эта бошлаганидан сўнг коалиция кучларига зарурат қолмайди”¸ - дейди Ироқ Бош вазири.

Конференцияда шунингдек¸ Ироқдаги турли этник ва диний гуруҳлар мамлакат сиëсий жараëнларига иштирок этиши кераклиги таъкидланди.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг айтишича¸ Ироқ ҳукумати хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиëтни ривожлантириш тарафдори бўлган¸ зўравонликни рад қилувчи барча ироқликларни сиëсий муҳитга жалб этишга мажбурдир.

Айни пайтда АҚШ расмийлари минтақадаги давлатларни Ироқ билан яқин дипломатик муносабатлар ўрнатиш ва Бағдодда ўз элчихоналари очиш ҳамда Ироқ элчиларини қабул қилишга чақирди.

АҚШнинг бу тўғридаги чақириқлари самараси ўлароқ¸ Араб мамлакатлари ичида биринчи бўлиб Миср Ироққа ўз элчисини тайинлади.
XS
SM
MD
LG