Линклар

logo-print

“Бизга ҳукуматга муқобил куч сифатида қаранг”. ЕИга янги мурожаат


Феруза Ўзбекистон ва хориждаги демократик кучларнинг бир гуруҳ вакиллари Европа Иттифоқи бошқарув органлари ва демократик жамоатчилигига очиқ мурожаат йўллаб, Ўзбекистондаги сиёсий қатағонни тўхтатишда амалий ёрдам сўради.

Мурожаатга Ўзбекистон, Украина, Россия, Қирғизистон, Озарбойжон, Швеция ва Бельгиядаги ижтимоий-сиёсий, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ва раҳбарлари имзо чеккан.

Мурожаатда Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши тобора авж олаётгани, ҳукумат позициясига бошқача қарайдиган оддий ва сиёсий фаол фуқаролар қаттиқ таъқиб қилинаётгани, мустақил маҳаллий ва хорижлик журналистларга ОАВ орқали ҳужумлар уюштирилаётгани каби ҳолатлар тилга олинади.

“Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова ўзи ҳам имзо чеккан ушбу мурожаатнинг шу каби аввалги мурожаатлардан фарқли жиҳатлари ҳақида гапирди.

“Бу мурожаатда биз ЕИ, Европа демократик жамоятчилигини Ўзбекистондаги фуқаролик ташкилотлари билан мулоқот қилишга чақирганмиз. Ўзбекистон ҳукумати Европа ҳамжамияти талабларини эшитишни ҳам хоҳламаётир. Шундай бўлгач, ЕИ Ўзбекистондаги фуқаролик ташкилотлари - мухолифатдаги партиялар, инсон ҳуқуқлари ва нодавлат ташкилотларни ҳукуматга муқобил деб эътироф этмоғи ҳамда айнан улар билан ишламоғи лозим. Мурожаатимизнинг ўзига хос жиҳати шу”, - деди Н.Ҳидоятова.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова мурожаатда ЕИдан инсон ҳуқуқлари ва эркинларига риоя қилмаса, Ўзбекистон расмийларини ЕИга киритмаслик ҳам сўралганини билдирди.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг ҳозирги важоҳати Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган фуқароларга ўлим жазоси қўлланилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шундай экан, бунинг олдини олиш учун тезроқ бирор амалий чора кўриш керак.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова Ўзбекистонга Андижон воқеаларини ўрганиш учун халқаро комиссия келиши тарафдори бўлгани учун ушбу мурожаатга имзо чекканини маълум қилди.

Бу каби мурожаату чақириқлар Ўзбекистонга қандай наф келтиради, деган саволга жавоб берар экан, зиёли Бахтиёр Исабеков бундай чиқишлар, аввало, демократик кучлар ва халққа далда бериши билан муҳим эканини таъкидлади.

Унинг қўшимча қилишича, бундай мурожаатлар Ўзбекистон, умумун дунёдаги демократик кучларни жипслаштирмоқда.

Б.Исабеков мурожаатлар беиз кетмаслигига ва Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан амалий ва кескин чоралар кўрилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG