Линклар

logo-print

“Андижонда қўшни қўшнига айғоқчи” (1-қисм)


Турғунбек “Озодлик” мухбири охиратини ўйлаб, ёлғон гапиришидан тийиладиган андижонлик кексалар билан шаҳардаги бугунги вазият, уларни қийнаётган ҳолатлар ҳақида суҳбатлашди.

Айни кунларда Андижонда вазият изга тушиб, бозорлар ва кўчалар одамлар билан аввалгидек гавжумлашган. Вилоят ҳокимлиги биноси атрофини ўраб, автомат ўқталиб турган милиция ходимлари ва аскарлар кўринмайди. Бино олдидан ўтадиган Навоий шоҳкўчасида машиналар қатнай бошлади.

Лекин Андижон шаҳри аввалгидек қамал ҳолатда тутиб турилибди. Шаҳарга олиб борувчи асосий йўллардаги блок постларда қуролланган аскарлар ва милиция ходимлари навбатчилик қилмоқда.

Шу кунларда 13 май кунги хунрезликларда қурбон бўлганлар хонадонларида қирқ кунлик мотам маросимлари ўтказиляпти.

Андижонлик кексалар шаҳарда ўзлари ҳис қилаётган вазият ва одамлар юрагида тугулиб турган гаплар билан ўртоқлашди.

“Гапиргани қўрқиб қолдик. Маҳалла қўмитаси, милиция ҳаммани текшириб юради. Ҳозир Андижонда қўшни қўшнига айғоқчи. Андижон воқеасига қирқ кун бўлган бўлса, бутун маҳаллаларда айғоқчилар юрибди. Ўлганларнинг хонадонига ҳар замонда милициядан келиб, ваҳҳобийми шаҳобий, деб суриштириб турибди. Менинг ўзимни ҳам милиция чақириб, сўраб-суриштирди”, - деди андижонлик бир киши.

Андижонлик аёлнинг сўзларига қараганда, одамларнинг кўнгли нотинч. Тез-тез текширишлар бўлиб турибди. Одамлар текшираётганлар Фарғонадан келган милиционерлар эканини айтмоқда.

Яна бир кекса киши Андижонда одам бемалол юра олмаётганини таъкидлади.

“Қаерга борсангиз, милиционерлар йўлингизни тўсади. Ҳамма ёқ чатоқ. Милиционерлар ҳеч кимга гап бермайди. Бир гап гапирсангиз, сен ким билан тортишяпсан, дейди. Аскарлар ҳам хонадонларга кириб юрибди. Уларнинг ҳам одамгарчилиги йўқ экан. Мана, Боғишамолда 15 таси битта уйга кириб, ҳамма нарсани тепиб, титиб, одамларни олиб кетиб, уриб-уриб қўйиб юборар экан. Ойбек деган укамизнинг “РАФ” машинаси бор. Машинасида 5-6 йўловчини эски шаҳарга олиб бориб қўйган экан, милициядагилар уни ушлаб, машинаси ва ўзини қамаб қўйибди. 15 кун калтаклашибди”, - дейди бу киши.

Андижонлик отахонлардан бирининг айтишича, фожеадан буён қирқ кун ўтса ҳамки, одамлар юзида мотамсаролик бор. Бурунги Андижон эмас. Одамларнинг кайфияти умуман тушиб кетган. Одамларнинг қаттиқ овоз билан кулаётганини камдан-кам кўриш мумкин.

“Ҳамма нарсанинг яхши-ёмон томони бўлади. Бўлиб ўтган воқеа ҳам халқнинг кўзини очди. Халқни алдаб келаётган ҳукуматнинг афти-башараси очиқ-ойдин бўлиб қолди. Энг даҳшатлиси, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолди. Олдин ҳам бундай алдов бўлган. Лекин бу даражадаги катта қон тўкилиши эвазига бўлган эмас. Агар вазият шундай давом этадиган бўлса, қатағонлар давом этадиган бўлса, ҳукуматнинг асаблари қанчалик таранг тортилса, халқники ҳам шунчалик тортилади. Бу эса яна қаердадир шундай даҳшатли воқеа бўлиши, қандайдир беайб одамларнинг қони тўкилишига олиб келади”, - деди отахон.
XS
SM
MD
LG