Линклар

logo-print

“Андижонда қўшни қўшнига айғоқчи” (2-қисм)


Турғунбек “Озодлик” мухбири охиратини ўйлаб, ёлғон гапиришидан тийиладиган андижонлик кексалар билан шаҳардаги бугунги вазият, уларни қийнаётган ҳолатлар ҳақида суҳбатлашди.

Суҳбатдошларнинг кўпчилиги эндиликда Андижон аҳли қўрқувда яшаётгани, аҳолининг юрагига қўрқув солиш бугун ҳукумат сиёсатига айланганини гапирди.

“Андижон тўла тинчиб кетганини ишонч билан айта олмаймиз. Чунки шу кунларда ҳам халқни ларзага келтирадиган миш-мишлар аҳён-аҳёнда эшитилиб турибди. Бу миш-мишлар қисман тўғри чиқяпти. Бугун эшитдик, вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарларининг хоналари ёпилиб, ҳаммаси маҳаллаларга бўлиб юборилибди. Бизнинг Ўш кўчамизга ҳам орган ходимлари ва раҳбарлари бўлинди. Бу халқни яна ларзага келтирди. Вазият кундан-кунга тинчиши ўрнига аскарларнинг машина-машина бўлиб юриши, кечалари, айниқса, 11 дан кейинги танкларнинг юриши кишига қўрқув уйғотади”, - деди андижонлик аёл.

Суҳбатдош кекса эркак киши ҳам бугун Андижонда вазият омонатга ўхшаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига қараганда, зирҳли кийимдаги аскарлар акрамийлар дейилаётган шахслар чиққан маҳаллалардаги, хусусан, Ҳакам қишлоғидаги Қумкўчани, “Эскилик” маҳалласини, Боғишамол даҳасидаги барча хонадонларни тинтув қилиб чиққан. Тинтув нима сабабдан ўтказилаётгани айтилаётгани йўқ. Ҳар куни аскарлар машинада уч марта у ёқдан бу ёққа ўтади. Баъзи жойларда отишмалар бўляпти, деган гаплар чиқмоқда. Ҳукумат халқни қўрқувда ушлаб туришга ҳаракат қиляпти. Одамлар шунгача ҳам қўрқоқ эди. Энди янада қўрқоқ қилиб қўйилмоқда.

Суҳбатдошлар орасида Андижон шаҳрига яқин туманларда яшайдиган кексалар ҳам бор эди. Уларнинг таъкидлашича, 13-14 майдаги хунрезликлардан ҳукумат хулоса чиқармаган кўринади. Иқтисодий ночор яшаётган халқнинг турмуш тарзини ўзгартириш учун ҳеч қандай ҳаракат кўринмаяпти.

“Ҳаммамиз юртбошимиз саломат бўлсин, деяверамиз. Буёғи ҳамма оч-яланғоч. Бир қўшнимиз 6 минг сўм пенсия олади. Бу нимага етади? Ҳеч нимага етмайди. Ширкат хўжалигимиз давлатдан 600 миллион сўм қарз. Унинг ерлари адирликда. Ерларга сув чиқарадиган битта насос кунига 50 минг сўм харажат талаб қиларкан. Бундай насосдан 20-30 та бор. Ҳозир шунинг ўзидан неча миллион қарзи бор. Одамлар ишлайверади, ойлик бермайди. Ҳамма пул насосга кетади”, - деди суҳбатдош қариялардан бири.

Суҳбатдошларимиздан яна бири ҳозирги замонда мусулмонларга анча қийин бўлиб қолганини билдирди.

“Ғат-ғат қилган карнайчи, балога қолган сурнайчи бўлиб, диний экстремизм деб Ислом Абдуғаниевич ҳалқаро жамоатчиликка ўзининг йўли тўғрилигини исботлаш учун “Ҳизбуллоҳ”, ваҳҳобийлар, деб эълон қилиб юборди. Аслида улар бу ерда мутлақо йўқ. Чеченлар, афғонистонликлар, қирғизлар бор дейди. Бу ерда бирорта унақа одам йўқ. Шунақа ҳам ёлғон бўладими!? Ўша ҳукумат акрамий деяётган 23 нафар кишининг тарафдорлари, яқинлари неча кунлаб кўчада намойиш қилиб ўтирди. Буни бутун халқ кўрди. Ўзим ҳам кўрганман. Нима кераги бор алдашни? Каримов буни алдаб тушунтириб, ёлғон гап қилиши мумкин. Аммо андижонликлар буни кўриб турган эдик-ку. Ўлганларни 9 та деди-я. Қаердан 9 та. Буни санаб охирига етказиб бўлмайди-ку. Ҳозир 174 та деяпти. Сал вақт ўтгандан кейин Рашид Қодиров яна 3-4 та қўшиб қўяди”, - деди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG