Линклар

Маҳбус бўлсанг ҳам андижонлик бўлма…ми?


Зикрилло Ишонч Андижон воқеаларидан кейин ноқонуний диний сиёсий гуруҳларга аъзоликда айбланиб, қамоқ муддатини ўтаётган шахслар сақланаётган қамоқхоналарда номаълум муддатгача карантин жорий этилди.

Бу ҳақда шу тоифадаги маҳкумларнинг яқинлари маълум қилди. Уларнинг айтишича, айниқса, андижонлик маҳбуслар янада кучли тазйиққа олина бошлаган.

Карантин жорий этилишидан бир кун аввал Косон шаҳридаги 51-қамоқхонадаги ўғлини кўргани борган Озода Рафиқованинг сўзларига қараганда, қамоқхонанинг Фармон Одилов деган ходими андижонлик маҳкум Иброҳим Раззоқовни ўта шафқатсиз калтаклаган. Бу ходим маҳбусни айнан андижонлик бўлгани учун калтаклаганини яширмаган.

“Қарши шаҳридаги мен рақамини аниқлай олмаган қамоқхонасидаги маҳбуслар ҳам, айниқса, андижонликлар Андижон воқеасидан кейин жуда қаттиқ тазйиққа олинган. Бу ҳолат бошқа қамоқхоналар учун ҳам тегишли”, - деди О.Рафиқова.

Унинг таъкидлашича, қамқохона назоратчилари маҳбуслар ўртасида низо чиқаришга уринмоқда. Масалан, эрталаб 5 дан 6 гача ҳожатхоналар ёпиб қўйилади. Бу пайтда ҳожатга бормаса бўлмайдиганларнинг қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиш мумкин.

“Диний айблар билан қамалганлар ва бошқа маҳбуслар ўртасида ҳам низо чақиришга уриниляпти. Диндор маҳбуслар кечирим сўрамагани учун бошқа маҳбусларни 2-3 соат давомида қуёш тиғида ушлаб туриш ҳолатлари ҳам мавжуд”, - деди О.Рафиқова.
XS
SM
MD
LG