Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:14

Ўзбекистонда гиёҳванд ёшлар сони ортиб бормоқда


24 июнь куни Тошкентда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан умумий ҳажми 596 килограмм бўлган наркотик моддалар ёқиб юборилди. Мамлакатда 1994 йилдан буён ёқиб юборилган гиёҳвандлик моддалари миқдори 37 тоннадан ошди.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва гиёҳвандалар сони ошиб бораётганини рад этмайди. Бунинг асосий сабаби қўшни Афғонистонда кўкнор етиштириш йилдан-йилга ошиб бораётгани билан изоҳланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддалар айланишини назорат қилиш миллий маркази директори Камол Дўстметовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, бу йил Афғонистонда 131 минг гектар ерга кўкнор экилган. 2000 йилда 4,2 тонна рекорд ҳосил олинганда бу мамлакатда 90 минг гектар ерга кўкнор етиштирилган эди. Бу йилги ҳосилдан 5 минг тонна қорадори ёки 500 тонна героин олиш мумкин.

Ўзбекистонда 22 минг гиёҳванд расмий рўйхатга олинган. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан минг нафар кўп.

Лекин мутахассислар аслида мамлакатда гиёҳвандлар сони бундан 5 баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Чунки барча гиёҳвандлар ўз ихтиёри билан бориб рўйхатга қўшилмайди. Улар яширин фаолият кўрсатишни маъқул кўради.

К.Дўстметовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда гиёҳвандларнинг асосини ёшлар ташкил этади. Бунга наркотик моддалар сотувчиларнинг ёшлар билан ишлашни яхши йўлга қўйгани, ёшлар орасидаги ишсизлик сабабдир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги наркотраффик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси бўлим бошлиғи Жамол Холмирзаевнинг билдиришича, 2005 йилнинг биринчи чорагида 1153 фуқаро наркотик моддаларга боғлиқ жиноятлар юзасидан жавобгарликка тортилган. Уларнинг 8 таси 14-17 ёшдаги, 346 таси 18-29 ёшдаги, 143 таси эса аёллар, 21 нафари масъул шахслардир.

Ж.Холмирзаев наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига мансабдор шахслар пуштипаноҳлик қилаётган бўлиши мумкинлиги, лекин ҳозирча бундайлар аниқланмаганини билдирди.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг эътирофича, ҳозир Ўзбекистонда наркотик моддалар кириб бормаган маҳалла қолмаган. Аҳолининг бу оғуга муккасидан кетаётганига ижтимоий ночорлик, жамоатчиликнинг пассивлиги сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG