Линклар

logo-print

Солиҳни ҳимоя қилиш адвокатга қимматга тушди

  • Барно Анвар

Самарқандлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, адвокат Салима Қодированинг ўғли Илҳом 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд уни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва Қозоғистонда фоҳишахона очишда айбдор, деб топди.

С.Қодирова мухолифатдаги “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон суд идораларида кўнгилли равишда ҳимоя қилаётгани билан таниқли.

М.Солиҳ 1999 йилда Тошкентда юз берган террорчилик ҳаракатларини уюштиришда айбланган ва сиртдан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

С.Қодирова М.Солиҳни ҳимоя қилиш мақсадида тўплаган ҳужжатларини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигига тақдим этган ва бу иш ҳозир кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган.

С.Қодированинг айтишича, у М.Солиҳни ҳимоя қилишга киришгандан кейин ўғлига нисбатан тазйиқлар бошланган. Аслида эса Илҳом умуман айбсиздир.

“Суд Илҳомга қўйилган бирорта айбни исботлаб бера олмади. Шундай бўлса-да, уни қамаш тўғрисида ҳукм чиқарилди”, - деди С.Қодирова.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комил Ашуровнинг сўзларига қараганда, 2002 йилда 6 аёл Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиб, қалбаки паспортлар билан Қозоғистонга кетаётганига қўлга олинган. Кейинчалик бу аёлларга амнистия қўлланилиб, улар озодликка чиқарилган. 2003 йилда бу иш қайта қўзғатилиб, Илҳом Қодиров аёлларни ўз машинасида Қозоғистон чегарасигача олиб бориб қўйгани аниқланган.

К.Ашуров Илҳом ҳақиқатдан ҳам бу аёлларни Қозоғистон чегарасига қадар олиб бориб қўйгани, аммо уларнинг қай мақсадда ва қандай ҳужжатлар билан кетаётганидан мутлақо бехабар бўлганини таъкидлади.

“Гувоҳ сифатида судга чақирилган аёллар Илҳом билан тил бириктирмагани, паспортларни ундан олмаганини айтганига қарамай, суд бу гувоҳликларга эътибор қаратмади”, - деди К.Ашуров.

Самарқандлик бошқа инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам И.Қодировнинг айбланиши айнан онасининг фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилмаётир.
XS
SM
MD
LG