Линклар

Узоқ йиллар кутилган фармонлар ишлайдими?


Тўлқин Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда 15 йилдан буён кутилаётган, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорларга енгилликлар бериш, хусусан, ягона солиқ тизимига ўтиш борасидаги фармонлар қабул қилина бошлади.

Ўтган бир ҳафта ичида бундай фармонлардан бир эмас, икки эмас, бирйўла 4 таси эълон қилинди.

14 июндаги фармон “Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги устивор йўналишларни амалга оширилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”дир. Унда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш борасида зудликда бажаралиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида сўз боради.

14 июнда эълон қилинган яна бир фармон “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Маҳаллий ОАВ ушбу ҳужжатлар ўз вақтида қабул қилинган, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш йўлидаги муҳим қадамлар, дея бонг урмоқда.

Тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисидаги иккинчи фармонда, жумладан, бундай дейилади:

“2005 йилнинг 1 июлидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий хатти-ҳаракат чоралари фақат суд тартибида қўлланади. Тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати, мабодо текширув пайтида солиқ ва валютага оид жиноятлар белгиси аниқланса, Бош прокуратуранинг тегишли департаменти томонидан амалга оширилади”.

Ушбу фармонда тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини назорат этувчи давлат идоралари томонидан текширишларни тартибга солиш, яъни камайтириш борасида сўз боради.

Навбатдаги фармон 15 июнь куни эълон қилинди. “Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот бериш тизимини ривожлантириш ва улардан ноқонуний йўл билан ҳисобот талаб этилиши учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида”ги мазкур фармонда 2005 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ҳар ойда эмас, балки ҳар уч ойда давлат солиқ хизмати идораларига ҳисобот бериши лозимлиги айтилади.

Тўртинчи фармон 20 июнда эълон қилинган бўлиб, “Микрофирмалар ва кичик корхоналарни ривожлантиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Фармоннинг биринчи бандида: “2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва Мактаб таълими жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш ўрнига ягона солиқ тўлови жорий этилсин”, - дейилади.

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси ходими Убайдулло Нуриддиновнинг сўзларига қараганда, бундан кейин микрофирмалар ва кичик корхоналар турли мажбурий ажратмалар ўрнига 13 фоиз миқдорида ягона солиқ тўлайди. Яъни солиқ юки аввалгидан 2,7 фоиз камайтирилган.

Фармонда янги ташкил этилган корхоналарга бир йилгача ягона солиқ тўловини кечиктириш, кечиктирилган суммани кейинги йил давомида тўлаб бориш имтиёзи ҳам берилган.

У.Нуриддинов айтишича, илгари акциз солиғи олинадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ягона солиқ ва акциз солиғини сотилган маҳсулот ҳажмидан тўларди. Энди эса улар маҳсулотдан акциз солиғини ажратиб ташлаб, қолганидан ягона солиқ тўлайди.

Тадбиркор Маъруфжон Абдураҳмоновнинг билдиришича, бу чоралар тадбиркорлик субъектлари учун яхши, аммо бошқа солиқлар ҳам қисқартирилиши керак.

“Биз бундай фармонларнинг 10-15 йил олдин чиқишини жудаям истаган эдик. Бу ҳужжатлар аллақачон қабул қилиниши керак эди. Бизда солиқ юки ҳали ҳам катта. Масалан, ўсиб борувчи солиқ бор. Агар иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи ҳам табақалаштириб қўйилмаганида эди, одамлар каттароқ маош олган бўларди”, - деди тадбиркор.

Тадбиркор Абдулманнон Холжўраев бу фармонлар ҳам бошқа қонуний ҳужжатлар сингари фақат бир томонлама ишлашини таъкидлади. Унинг фикрича, президент фармонларининг аҳолидан пул олинадиган қисмигина ишлайди. Аҳолига енгиллик қисми эса ҳеч қачон ишламаган, ишламайди ҳам. Фармонлар асосида юзлаб қўшимча қарор ва низомлар ишлаб чиқилади. Бу қўшимчаларда фармонлардаги фойдали жиҳатлар инкор этилган бўлади.
XS
SM
MD
LG