Линклар

logo-print

Халқ нега Холжигитовни ҳимоя қилмоқда?

  • Барно Анвар

23 июнь куни Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Бобур номидаги жамоа хўжалигида яшовчи 400 га яқин фуқаро маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Норбой Холжигитовнинг озод этилишини талаб қилиб кўчага чиқди.

Шунингдек, намойишчилар Н.Холжигитов билан бирга ҳибсга олинган яна икки маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси – Ҳабибулла Оқпўлатов ва Саттор Ризаевнинг озод этилишини сўради.

Хўжалик аҳли бу норозилик чиқишига Ўзбекисон телевидениеси орқали 22 июнь куни намойиш этилган кўрсатувда Н.Холжигитов порахўр сифатида танқид қилингани сабаб бўлганини айтмоқда.

Н.Холжигитов бундан 20 кунча муқаддам гўёки пора олаётганида ушланиб ҳибсга олинган эди. Тарафдорлари эса бу атайин уюштирилган фитна эканини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳали Н.Холжигитов устидан қўзғатилган тергов ниҳоясига етгани йўқ. Шунга қарамай, қишлоқдошлари у Ўзбекистон телевидениеси орқали порахўр сифатида кўрсатилгани ноҳақлик эканини таъкидламоқда.

Адвокат Аслиддин Сувонқуловнинг айтишича, Н.Холжигитов устидан Жиноят кодексининг 165-моддаси “б” ва “в” бандлари бўйича бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб катта миқдорда пора олиш ҳамда товламачилик айби қўйиляпти.

48 даража иссиққа, таъқиб-пўписаларга қарамай, аҳоли, жумладан, 70-80 ёшли кексалар нега Н.Холжигитовни бунчалик қаттиқ ҳимоя қилмоқда, деган савол туғилиши мумкин.

Хўжалик аҳлининг сўзларига қараганда, Н.Холжигитов баъзи қишлоқдошларини ҳимоя қилиб, ноҳақ жазодан қутқариб қолган. Қишлоққа сув келтирилиш учун тўғон ва олти йиллик мактаб қурилиши учун курашаётган эди.

Хуллас, қишлоқдошлари Н.Холжигитовни халқ манфаатига тўғри келадиган ҳар қандай масалани кўтариб чиқишга тайёр ва бунинг учун маҳаллий раҳбарларнинг ҳиқилдоғидан оладиган одам сифатида таърифлади. Шу сабаб улар ҳуқуқ ҳимоячисининг телевидение орқали порахўр сифатида намойиш этилганидан қаттиқ норозилик билдирмоқда.

23 июн кунги намойишга чиққан кексалар бугун халқнинг ҳаққини талаб қилганларнинг барчасига шундай адолатсиз муносабат бўлинаётганини таъкидлади.

Намойишда иштирок этган инсон ҳуқуқлари фаоли Эгамназар Шоймановнинг билдиришича, Иштихон тумани расмийлари намойишга келган, аммо халқ билан мулоқот қилмаган.

Аммо ҳокимлик вакиллари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу намойишдан бехабарлигини айтди.

Н.Холжигитов ҳозир Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида сақланмоқда. У билан бирга олиб кетилган ҳуқуқ ҳимоячилари Ҳ.Оқпўлатов ва С.Ризаев ҳам ҳануз ҳибсда.
XS
SM
MD
LG