Линклар

“Uznews.net” фаолияти вақтинча тўхтатилди


Андижон воқеаларини жуда кенг кўламда ёритиб борган “uznews.net” сайти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бунга сайтга тўсиқлар қўйиш кундан-кунга кучайиб бораётгани сабаб бўлди.

Сайт муҳаррири Қудрат Бобожоновнинг сўзларига қараганда, айни пайтда сайтни бошқариб боришнинг ҳам имкониятлари қолмаётир.

“Uznews.net”да Андижон воқеалари билан боғлиқ 50 дан ортиқ мақола эълон қилинганди.

“Сайтда Андижон воқеаларининг деярли тўла хроникаси яратилди. Унда мухбирларимиз воқеа жойидан тайёрлаган репортажлар, таҳлилий мақолалар бор”, - деди Қ.Бобожонов.

“Uznews.net” сайти бундан уч ой муқаддам Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти муассислигида очилган эди. Қисқа вақтда сайт ўқувчилари сони кескин ошиб кетди.

Қ.Бобожоновнинг таъкидлашича, сайт муаллифлари ўз олдига қўйган мақсадга эришган. Яъни проффесионал даражада ишлайдиган янгиликлар сайти яратилган. Қисқа муддатда сайт ўқувчилари сони 25 минг нафарга етган.

“Ҳурият” газетасининг жорий йилдаги 20-сонида эълон қилинган “Нафс йўлидаги “ҳақиқатлар” сарлавҳали мақола бутунлай Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбирлари фаолиятини танқид қилишга бағишланган.

Мақолада мазкур институт мухбирлари Андижон воқеалари юзасидан ёлғон хабарлар тарқатишда айбланади.

Қ.Бобожоновнинг айтишича, айни кунларда Интернет тизимидаги узилишлар ва техник тўсиқлардан ташқари институт мухбирларига нисбатан турли тазйиқлар кучайтирилган. Хусусан, институтнинг Қашқадарёдаги мухбири Тўлқин Қораев бир неча кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қ.Бобожонов “uznews.net” яқин вақтларда яна ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG