Линклар

“Бу кетишда буюк давлат бўла олмаймиз”


Ҳакимбек Ўзбекистон ёшлари ўзларининг эркин, танқидий руҳда фикрлашига нафақат ҳукумат юритаётган сиёсат, балки оиладаги чекловлар ҳам сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

Ёшлардан бирининг айтишича, уйига келиб, ҳукумат сиёсатига маъқул бўлмайдиган бирор гапни гапирмоқчи бўлса, ота-онаси ундан сиёсатга аралашмасликни талаб қилади.

Яна бир суҳбатдош эса агар раҳбарларнинг ҳаракатларига очиқ-ойдин муносабат билдириш имконияти берилмаса, мамлакат ривожлана олмаслигини билдирди.

“Юртбошимиз Ўзбекистон келажаги буюк бўлишини айтган. Аммо биз буюк давлат бўла олмаймиз. Чунки бизда демократия йўқ. Агар депутатларимиз, президентимиз қилган ишларни очиқ-ойдин айта олсак, келажагимиз буюк бўлиши мумкин. Аммо бизнинг ёшларимиз эркин гапиришга қўрқади. Улар бир гап гапирса, бирор кўнгилсизлик бўлишини билади”, - деди суҳбатдош.

Мухлиса исмли талаба қиз ёшларнинг ўз муаммоларини ёки танқидий фикр-мулоҳазаларини матбуот орқали баён қилишнинг мушкул эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ёзган мақолаларида баъзи муаммоларни кўрсатишга ҳаракат қилади. Аммо таҳририятда бу мақолалар роса “силлиқланади”.

Ёш таҳлилчи Ғоффор Ниёзовнинг фикрича, Ўзбекистонда ёшларнинг ўз фикрларини эркин ифода қилиши кўзга ташланмайди. Бунинг сабаблари, биринчи навбатда, оилага бориб тақалади. Оиладаги катталар боланинг ўз фикрларини эркин баён этишига тўсқинлик қилади. Яъни ҳар нарсада андишали бўлишга ўргатади. Ёшлигида руҳига ўрнашган бу андиша келажакда фарзанднинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига ҳам йўл қўймайди.

Ғ.Ниёзовнинг таъкидлашича, сиёсатга аралаштирилмаётган ёшлар сиёсат тўғрисида ҳам фикрлашдан маҳрум бўлиб қолмоқда. Эркин фикрга эга ёшларнинг ҳам ўз мулоҳазаларини бошқалар билан ўртоқлашишга имконият мавжуд эмас. Маҳаллий ОАВда улар учун минбар йўқ.

“Ўзбекистонда ақлли ёшлар, аввало, ўз тинчлигини ўйлаш билан овора”, - деди Ғ.Ниёзов.
XS
SM
MD
LG