Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўзбекистоннинг барча марказий газеталарда “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!” шиори остида Андижон воқеаларига муносабатлар ҳамон чоп этилмоқда.

“Халқ сўзи” газетасининг 22 июнь кунги сонида “Яна бир бор дўст кулфатда билиниши тўғрисида” сарлавҳаси остида шундай мақолалардан бири эълон қилинди. Муаллиф Фармонов АҚШ элчиси Жон Пурнеллнинг “Народное слово” газетаси таҳририятига йўллаган ва 18 июнда чоп этилган, Андижон воқеаларига боғлиқ хатига муносабат билдириб, жумладан, бундай ёзади: “Мустақил текширув хусусида сўз кетар экан, жаноб элчи, айтингчи, АҚШ ва НАТО қуролли кучлари томонидан кучнинг ноҳуқуқий ва номутаносиб тарзда ишлатилиши фактлари, хусусан, Югославияда йўловчилар поездлари ўтиб бораётган кўприкларнинг бомбардимон қилингани, Афғонистондаги тинч аҳоли яшайдиган қишлоқларда тўй маросимига тўпланган одамларни нима сабабдандир террорчилар гумон қилиниб, бомбардимон қилингани фактларини текшириб кўриш жоиз эмасмикан? Ёки, ниҳоят, Ироқнинг Аль-Фалужа шаҳрида АҚШ қуролли кучлари бронетехника ва авиациядан фойдаланган ҳолда “Ал-Қоида” террорчилари билан курашиши жараёнида қанча тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини аниқлаш жоиз эмасми?”


Шу газетанинг 21 июнь сонида Икром Содиқов ва Олим Шариповнинг “Ниқобланган “Демократия” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллифлар бундай ёзади: “Ҳа, бу хорижий “политтехнологлар” кўзларига қарасинлар, агар улар, Худо асрасину, яна бир марта давлатимиз ва халқимизга қўл кўтарадиган бўлса, бундай жиноятчилар ва уларнинг ҳамтовоқлари нафақат қуролли кучлар, балки халқнинг ўзидан чиққан посбонлар томонидан ҳам йўқ қилиб юборилади. Бундай халқ кўнгиллилари аскарлар ва зобитлар билан елкама-елка туриб, жангарилар ва ёлланма қотилларнинг илдизини қуритади. Шунда бу “режиссёр”лар ўзбек халқининг ўз она Ватанида озод ҳаёт кечириш учун курашини, миллий суверенитетнинг ҳақиқий рўёбини кўришади”.



“Постда” газетасининг 23 июнь сонида “Маърифат дарси” рукни остида “Матбуотнинг жамиятдаги ўрни” сарлавҳали мақола чоп этилди. Муаллиф Садриддин Шамсиддинов, жумладан, бундай ёзади: “Шўролар даврида республикамизда 300 дан ортиқ газета ва журналлар чиқарилган. Радио ва телевидениеда мунтазам эшиттириш ва кўрсатувлар олиб борилган. Коммунистик мафкурага асосланган матбуот ва оммавий ахборот воситалари шўролар тузуми сиёсатини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш билан шуғулланди. Мустақилликка эришилгандан кейин республикамиз матбуотида ҳам янгиланиш, эркинлик каби “тўртинчи хокимият”га хос ўзгаришлар юзага келди. Бир мафкурага асосланган матбуот ўрнини демократик тамойиллар негизида қурилган халқчил оммавий ахборот воситалари эгаллади”.
XS
SM
MD
LG