Линклар

Эроннинг янги сайланган президенти Махмуд Аҳмадийнажод мўътадил ҳукумат тузиш ниятида эканини маълум қилди.


Бироқ АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Эронннинг янги раҳбарини демократияга ғанимликда айблади.
Ўтган жума кунги сайловда ғалаба қозонганидан кейин ўтказган дастлабки матбуот анжуманида Аҳмадийнажод ўз етакчилигидаги ҳукуматнинг асосий мақсадлари мўътадиллик ва толерантлик бўлишини айтган эди.
Кескин консерватив қарашлардаги сиёсатчи сифатида танилган Теҳроннинг собиқ ҳокими Аҳмадийнажод Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастурини амалга оширишда давом этишини ваъда қилиб, Эроннинг АҚШ билан алоқада бўлишга ҳожат йўқлигини айтди.
Айни пайтда, АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Аҳмадийнажодни демократия ва озодликка ғаним, деб атади.
“У демократия ғаними, у озодлик душмани. Бу шахс Эрон халқига қандай яшаш кераклигини кўрсатиб берувчи Оятуллоҳларни қўллаб-қувватлайди. Ўйлайманки вақти келиб, мамлакат ёшлари у ва унинг хўжайинлари номақбул эканликларини тушиниб етади.”
Америка телеканалига берган интервьюсида Рамсфелд Эрондаги сайловларда қатнашиш истагида бўлган мингдан ортиқ номзод сайловга қўйилмаганини қайд этиб, Аҳмадийнажод қалбаки сайловда ғолиб чиққанлигини айтди.
Исроил ташқи ишлар вазири Силван Шалом ҳам бу хусусда хавотир билдириб, Эрондаги сайловларни эркин ва адолатли, деб ҳисобламаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG