Линклар

Қонунда мумкин эмас, амалда мумкин

  • Садриддин Ашур

БМТ экспертлари Ўзбекисондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир махсус маъруза тайёрлади. Унда Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон кенг қўламда қўлланилаётгани таъкидланилади.

Маърузада айтилишича, Ўзбекистондаги қамоқхоналарида маҳбусларга жуда ёмон муносабатда бўлиняпти, асоссиз қамоққа олишлар ва қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Маҳбуслар ташқи дунёдан узиб қўйилган, уларга ҳатто яқинлари билан хат ёзишишга ҳам рухсат берилмайди. Айниқса, Андижон воқеаларидан сўнг бу жараён янада кучайган.

Кузатувчиларнинг эътирофича, гарчи Ўзбекистон БМТнинг қийноқларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган бўлса-да, қамоқхоналарда ва тергов изоляторларида маҳбуслар ҳамда айбланувчиларга нисбатан турли хил қийноқлар қўлланилмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг билдиришича, суд жараёнларида айбланувчилар ўзларига қийноқлар қўлланилганини айтади. Аммо судьялар бунга умуман эътибор қаратмайди.

Ўғли диний экстремизмда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган Озода Рафиқованинг айтишича, Андижон воқеаларидан кейин қамоқхоналарда маҳкумларга нисбатан тазйиқ ва қийноқлар янада кучайган. У ўғлини кўргани қамоқхонага борганига бунга шоҳид бўлган. Айниқса, андижонлик маҳбуслар ғоят қаттиқ қийноқларга дучор бўляпти.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ мамлакатда қийноқлар тақиқланган ва қийноқ қўллаганлар жазоланади. Масалан, Конституциянинг 26-моддасига кўра, қийноқлар, зўравонлик ва инсон қадрини камситувчи бошқа барча ҳаракатлар қатъиян тақиқланади. Жиноят кодексида ҳам бу ҳаракатларни амалга оширганлар жазоланиши тўғрисида моддалар бор.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг сўзларига қараганда, қонунчиликда қийноқлар тақиқланганига қарамай, бу қонунлар ишламайди. Бунга, аввало, мамлакатда сўз эркинлиги йўқлиги сабабдир.

И.Худойберганов токи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмас экан, қийноқларга қарши курашиш бефойда эканини таъкидлади.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раисаси Тамара Чикунова ҳам юқоридаги фикрларга қўшилди.

“Терговчиларга жиноятларни кўпроқ очиш кўрсаткичи жуда муҳим. Агар улар ҳаққоний ишласа, барча жиноятларни 100 фоиз очиш мумкин эмас. Токи бу кўрсаткичлар милиция томонидан берилар экан, улар турли хил қийноқларни қўллаб, одамларни айбни бўйнига олишга мажбур қилаверади”, - деди Т.Чикунова.
XS
SM
MD
LG