Линклар

Кришнанинг мухлисасига қийин бўляпти


Хабарларга кўра, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Бўстон шаҳрида яшовчи Асия Бегтибоевага “Кришнани англаш таълимоти”га эътиқоди учун ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тазйиқлар ўтказилмоқда.

А.Бегтибоева тумандаги академик лицейда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди.

Туман прокуратурасининг жорий йил 18 июндаги 15/05-хатида ёзилишича, А.Бегтибоева рўйхатдан ўтмаган ҳолда “Кришна таълимоти” диний ташкилоти тузиб, ўз ўқувчиларини шу ташкилотга жалб қилгани ва ноқонуний равишда ўқув машғулотлари ўтказгани аниқланган.

Прокуратура ҳужжатларида А.Бегтибоеванинг уйида ўтказилган тинтув вақтида бу ердан турли диний адабиётлар, аудиокассеталар ва Кришна худоси тасвири туширилган бир нечта сурат топилгани айтилади.

Аммо А.Бегтибоева ўзига қўйилган айбларни тўла рад этмоқда.

“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг билдиришича, А.Бегтибоева ўзининг нега Кришна таълимотига эътиқод қилиши ҳақида сўраган кишиларгагина бу ҳақда гапирган, холос. Аммо прокуратура уни жиноятчига чиқаришга уринган.

“Прокурор пўписа ёрдамида А.Бегтибоевадан “онгли равишда болаларни Кришна динига эътиқод қилишга ўргатдим”, деган сўзларни ёздириб олган”, - деди Ҳ.Ёқубова.

Маълум бўлишича, қариндошлари ҳам А.Бегтибоевадан ўз эътиқодидан воз кечишни талаб қилмоқда. Асиянинг қайнонаси Элмира опа эса агар келини Кришна таълимотидан қайтмаса, уни уйдан ҳайдашини айтмоқда.

“Озодлик” мухбирига ҳам Асия билан бемалол гаплашишга рухсат этишмади.
XS
SM
MD
LG