Линклар

Айб журналистларнинг ўзидами?


Зикрилло Ишонч 27 июнь – Ўзбекистон матбуоти ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали йиғилиш Ўзбек миллий академик драма театри биносида ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат журналистларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Ушбу байрам табриги, кузатувчиларнинг фикрича, табрикдан кўра кўпроқ журналистларга кўрсатма бериш, насиҳат қилишга ўхшаб кетади.

Кузатувчилар президентнинг табрикдаги огоҳликка даъвати чет эл ОАВда гўёки Ўзбекистонга қарши ахборот хуружларига нисбатан янграганини айтмоқда.

Йиғилишда маҳаллий ОАВда ишлайдиган бир гуруҳ журналистларга турли мукофотлар тарқатилди.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг фикрича, Ўзбекистон президентининг сиёсати журналистлар ўртасида икки бир-бирига қарама-қарши, яъни маҳаллий ва хорижий ОАВда ишлайдиган журналистлар лагерини яратди. Бу эса журналистлар ўртасига нифоқ солишдан бошқа нарса эмас.

“Правда востока” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасанов маҳаллий ОАВда чеклашлар бор, дейиш қийинлигини, айбни журналистларнинг ўзидан қидириш зарурлигини таъкидлади. Унинг эътирофича, журналистларнинг ўзлари етарли даражада фаол эмас.

Бу фикрни “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов ҳам қўллаб-қуватлади.

“Республикада қандай раҳбарият бўлишидан, кимнинг қўлида ишлашимдан қатъий назар мен адолатсизлик билан муроса қила олмайман. Қаердадир фуқароларнинг ҳуқуқлари паймол этилаётган бўлса, биз имкон қадар уларни ҳимоя қилишга уриняпмиз”, - деди С.Остонов.
XS
SM
MD
LG