Линклар

Шароф Убайдуллаев: “Матбуот байрами бор юртнинг матбуоти йўқ”


Феруза

27 июнь – Ўзбекистон матбуоти ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрамона кайфиятсиз, шукуҳсиз ўтганини кўпчилик журналистларнинг ўзлари тан олмоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бугунги байрамни минглаб ўзбекистонликлар, ҳатто ўзи ҳам мутлақо эсга олмаганини билдирди.

“Бу юртнинг не-не байрамлари бор. Жумладан, матбуот байрами ҳам. Матбуот ҳақида қонунлари, матбуотни бошқарадиган оламшумул корчалонлари, амалдорлари бор. Аммо, афсуски, бу юртнинг матбуоти йўқ”, - деди журналист.

Унинг айтишича, ўзбек матбуоти ҳаққоний ахборот тарқатиш имкониятидан воз кечиб, офаринлар, мадҳиялар, ёлғонлар ташиш минбарига айланиб қолган.

Мустақил журналист Сергей Ежков эса 27 июнни ўзбек журналистикасининг байрами эмас, балки шармандалик куни, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг сўзларига қараганда, бу байрам Ўзбекистондаги жамики журналистларни жипслаштирмоғи керак. Чунки ўзбек журналистларида касбий бирлик йўқлиги кўриниб қолмоқда.

Т.Раҳматуллаевнинг фикрича, ҳозир Ўзбекистонда журналистлар давлат, нодавлат, мустақил, хорижий журналистлар каби табақаларга ажратилаётган бўлиб, уларнинг ҳар бирига ўзига хос муомала қилинмоқда. Айни сиёсатнинг ўзи журналистлар бирдамлигига раҳна солади.

“Бундай вазиятда Ўзбекистонда ОАВ кунини нишонлашнинг ўзи мантиққа тўғри келмайди”, - деди журналист.
XS
SM
MD
LG