Линклар

Ўзбекистонда эркин ижодга йўл йўқлиги қораланди


Шайбон Сўз ва фикр эркинлигини қўллаб-қувватлаш ташкилоти ўтказган мониторинг май ойида ҳам Ўзбекистонда журналистларга жиддий таҳдидлар қилингани, улар таъқиб остига олингани ва фуқароларнинг маълумот олиш эркинлиги қатъий чекланганини кўрсатди.

Мониторингда 3 май куни тунда АҚШ элчихонаси олдида ўтказилган илк чодирли пикет иштирокчиларига куч ишлатиш вақтида бир гуруҳ журналистлар ҳам зўравонликка дуч келишига бир баҳя қолгани, фақат шаҳар ИИБ ходимининг ўз вақтида аралашуви туфайли журналистлар бу тўполондан омон чиққани таъкидланади.

Сўнгра Андижон воқеаларини бевосита ёритиб бораётган журналистлар йўлиққан тўсиқлар келтирилади. Мониторинг муаллифлари Андижонга киритилмаган ёки мамлакатдан мажбурий чиқариб юборилган Россия, Украина, Грузия ва бошқа бир неча давлат журналистлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, айни ҳаракатларга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида изоҳ берганди.

“Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида, агар шаҳарда отишма кетаётган бўлса, боз устига, оғир жиноят, жумладан, қотиллик содир этган жиноятчилар қамоқдан чиқариб юборилган бўлса, ким журналистларни у ёққа йўлатади”, - деган эди президент.

Аммо мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев президент бу гапи билан мавжуд қонунларни ошкора бузганини айтмоқда. Унинг билдиришича, Ўзбекистон қонунларида уруш ҳолатларида ёки техноген ҳалокатлар вақтида ҳам журналистлар бу ҳақдаги маълумотларни олиб, тарқатиш ҳуқуқига эгалиги ёзиб қўйилган.

“Ахборот олиш ва тарқатишдаги ҳар қандай тўсиқ, у нима мақсадда қўлланилмасин, ўзини оқламайди”, - деди кузатувчи.

Мониторингда, шунингдек, аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқи чеклангани, Андижон воқеалари ҳақида етарли маълумотлар тарқатилмагани таъкидлади.
(Ўз вақтида “Озодлик” мухбирлари томонидан ўтказилган кўча сўровлари ҳам мониторингда келтирилган бу хулоса ҳақиқат эканини кўрсатганди).

Мониторингда Интернетдаги чекловлар ҳақида ҳам гап боради.

Яқинда ёзувчиларнинг халқаро ташкилоти (ПЭН интернешнл) ҳам ўзининг навбатдаги конгрессида айрим мамлакатларга ёзувчиларнинг эркин ижод қилишига цензура қўйилганини қоралади.

Ташкилот вакилларининг таъкидлашича, бундай цензура ёзувчиларнинг ўз асарларини эркин чоп эттириш ёки бирор оммавий ахборот воситасида эълон қилишида, айниқса, яққол кўзга ташланмоқда.

Эркин ижодга цензура мавжуд мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам тилга олинган.

Ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Зоҳир Аълам халқаро ташкилот хулосалари ҳақиқат эканини билдирди. Унинг эътирофича, Ўзбекистонда ёзувчи ўз асарини чоп эттириши учун иқтисодий тўсиқ қўйилган. Яъни бирор асар чиқариш учун ижодкор катта маблағга эга бўлиши керак. Аммо ҳукуматга яқин ёзувчиларга бу тўсиқлар кўп кўзга ташланмайди.
XS
SM
MD
LG