Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:52

Тазйиқлар давом этмоқда


Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига яқинларини ҳибсга олиш, уйларига ордерсиз тинтув ўтказишлар, улар аъзо ташкилотларга қарашли ёки шахсий оргтехникани тортиб олишлар каби кўринишдаги тазйиқлар давом этмоқда.

Марғилонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг уч фарзанди “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб, бундан бир неча йил муқаддам узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

А.Мадумаровнинг билдиришича, Андижон воқеаларидан бирмунча аввал унинг жияни Абдусамад ҳам шу айб билан ҳибсга олинган ва кейин кафиллик асосида озодликка чиқарилган. 12 май куни бўлиб ўтган суд жараёнида прокурор Абдусамадга 3 йиллик шартли қамоқ ва маошининг 30 фоизини давлат ҳисобига ундириш жазосини қўллашни сўраган. Аммо 22 май куни – Андижон воқеаларидан кейин эълон қилинган суд ҳукми билан Абдусамадга 6 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Куни-кеча Фарғона вилояти жиноят ишлари суди бу ишни аппеляция тартибида кўриб чиқиб, аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Фарғона вилояти бўлими котиби Маҳбуба Азимованинг айтишича, бундан бир неча кун муқаддам жамият идорасидан ташкилотга тегишли компьютер ўғирлаб кетилган.

“Кечки соат 21 да менга компьютерни оқ рангли, давлат рақами 24-71 бўлган “Дамас”га солиб олиб кетаётганини хабар қилишди. Компьютерни Раҳматжон исмли йигит олиб чиқиб кетган. Милиция ходимлари компьютерни ким ўғирлаганини аниқ билади. Лекин ҳеч қандай чора кўрмаяпти”, - деди М.Азимова.

“Озод аёл” ташкилоти Фарғона вилояти бўлими раиси Омина Шерматова ўзига ва ташкилот фаолларига нисбатан тазйиқлар кучайиб бораётганини таъкидлади.

“Участка инспектори мени алдаб машинасига қамади ва жиннихонага олиб борди. Тўрт киши мени бир хонага қамаб, наркотик уколни кўрсатди ва шундан укол қилинса, жинни ёки мажруҳ бўлиб қолишимни айтди. Агар шундай қилинса, деразадан ўзимни ташлаб юборишимни, ўлигим учун улар жавоб беришини айтганимдан кейин мени қўйиб юборишди”, - дейди О.Шерматова.

Мазкур воқеадан сал ўтиб, 21 июнда бир неча милиция ходими О.Шерматованинг уйига бостириб кириб, ордерсиз тинтув ўтказди.

О.Шерматованинг таъкидлашича, тинтув вақтида унинг компьютери мусодара қилинган. Интернетда эълон қилиш учун ёзган мақолалари олиб кетилган.
XS
SM
MD
LG