Линклар

logo-print

Ўзбекистонда гиёҳвандлик тобора каттароқ иллатга айланмоқда


Саида Ўзбекистонда расман 22 мингдан ортиқ гиёҳванд рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг жуда кўпчилиги айнан шу иллат оқибатида ширин ҳаётидан, фаровон турмушидан мосуво бўлган.

Тошкентлик Равшан бир вақтлар Тошкентнинг гавжум жойларидан биридаги дўкон эгаси эди. Топиш-тутиши ҳам шунга яраша бўлган.

“Топганим гиёҳванд модда сотиб олишга кетаверди. Шундан кейин савдо ҳам ўлди, дўкон ҳам ёпилди”, - дейди Равшан.

Равшанга ўхшаганлар мамлакатда кўп. Наркотик модда баъзи камбағалларни бой, бойларни қашшоққа айлантиргани ҳақида ҳам мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мустақил кузатувчилардан бирининг айтишича, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланаётганлар орасида милиция ходимлари ҳам анчагина.

“Ўтган йили Қарши шаҳрида гиёҳвандлик моддаси сотаётганида 6 нафар милиционер қўлга олинди. Айнан ИИБнинг наркоманияга қарши кураш бўлимида юқори лавозимда ишлайдиганлардан бири ҳам шу иш билан шуғуллангани учун айни пайтда тергов беряпти”, - деди мустақил кузатувчи.

Яқинда Тошкентда жиноятчилардан мусодара қилинган 600 килограммга яқин наркотик модда ёқиб юборилди. Маълумотларга кўра, бу моддаларнинг катта қисми Сурхондарё ва Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили мамлакатда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 8,5 минг жиноят содир этилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида гиёҳванд модда қабул қилувчилар сони бошқа ҳудудлардагидан кўра кўпроқдир. Наркологлардан бирининг таъкидлашича, гиёҳвандлар орасида иқтисодий бақувват оилалар аъзолари кўпроқ учрайди. Уларнинг аксарияти ихтиёрий равишда мутахассис ёллаб даволанади.

Нарколог ҳозири вазият айни пайтда мавжуд аноним хоналар сонини янада кўпайтиришни талаб этаётганини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ортидан ОИТС ва ОИТВ касаллигини юқтирганлар сони 4 мингтага яқин.

Шундайлардан бири тошкентлик Надя. У енгилтак қизлар даврасига тушиб қолиб, наркотик истеъмол қилишни бошлаган ва ОИТСга чалинган.

“Эрим билан вақтли ажрашганман, бир фарзандим бор. Ҳозир ўғлимнинг тақдирини кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолганман. Мендан кейин у кимнинг қўлига тушади, ҳаёти қандай кечади, қорни тўйиб овқат ейдими? Мен ҳозир ҳам унинг қорнини тўйдира олаётганим йўқ. Чунки топганим дорига кетмоқда”, - дейди Надя.

Роҳиланинг (исми ўзгартирилган) сўзларига қараганда, йигити наркотик моддалар орқасидан қамоққа тушган. Уни кўргани йигитнинг ойиси билан борганида қамоқхона хизматчиларидан бири бу йигит ОИТВга чалинганини айтган. Кейин ўзини ҳам текширтирганида бу касални юқтиргани маълум бўлган.
XS
SM
MD
LG