Линклар

Журналистни ҳимоя қилган журналистнинг ўзи ҳимояга муҳтож


Феруза Ўзбекистон журналистларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Юсуф Расулов ўзига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар кучайиб бораётганини билдирди.

У бу хатти-ҳаракатлар “Ҳуррият” газетасининг апрель ойида ҳибсга олинган мухбири Собиржон Ёқубовни ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятдан сўнг яққол кўзга ташлана бошлаганини айтмоқда.

“С.Ёқубов ҳимояси учун махсус гуруҳ ташкил этгандик. Бу жиноят иши юзасидан жуда кўплаб материаллар тарқатдик. Шундан кейин халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматига норозилик ноталари жўната бошлади”, деди Ю.Расулов.

Журналистнинг таъкидлашича, шу орада у ва турмуш ўртоғи Навоий шаҳри прокуратурасига чақиртирилиб, уларга нисбатан Навоий вилоятининг Хатирчи туманилик нафақахўр ўқитувчи Ҳамид Мавлоновдан даъво аризаси тушгани маълум қилинган. Даъво аризасида у гўёки Ўзбекистон президентини ҳақоратлагани, конституциявий тузумга қарши ҳаракатлар қилгани, одамларни давлат тўнтаришига чорлагани баён қилинган. Аризада унинг қандайдир фермердан пора олгани ҳақида Навоий шаҳри миллий хавфсизлик бўлимида маълумотлар борлигига ҳам ишона қилинган.

Ю.Расуловга қўйилаётган бу айблар қанчалик асосга эга экани тўғрисида Навоий шаҳри прокуратураси ва МХБдан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Хўш, Ю.Расуловга нисбатан бошланган бундай хатти-ҳаракат нимани англатади?

Қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушиб, 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосини ўтаган эди.

Т.Қораевнинг фикрича, бу каби ишлар мустақил журналистларни ўз фаолиятидан қайтариш мақсадида махсус амалга оширилади. Ю.Расулов устидан даъво арзаси киритилгани ҳам аслида шу мақсадни кўзда тутади.

Ю.Расулов шу кунларда ҳам ортидан кузатишлар давом этаётганини маълум қилди.

“Прокурорнинг гапидан англадимки, бу ишлар юқорининг кўрсатмаси билан бўлмоқда. Яқинда маҳаллий газетада ишлайдиган дўстим орқали президентдан кечирим сўраб, чет эл ОАВни қоралаб мақола ёзсам, юзим ёруғ бўлишини айтишди”, - деди Ю.Расулов.
XS
SM
MD
LG