Линклар

logo-print

Бекободда вабо тарқаган…ми?


Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги “Бекобод” ширкат хўжалигида вабо касали тарқалиши оқибатида 2 киши вафот этгани, элликдан ортиқ одам шифохонага ётқизилгани хабар қилинмоқда.

Туман соғлиқни сақлаш бўлими бош врачининг “Озодлик” мухбирига берган маълумотига кўра, ҳақиқатан ҳам хўжаликнинг 1-бўлимида 60 киши туман шифохонасига ётқизилган. Аммо улар вабо билан эмас, меъда-ичак касаллигига чалинган.

Бош врачнинг айтишича, беморлар ариқ сувини истеъмол қилгани учун касалланган. Текширув натижасида 1-бўлим ҳудудидан ўтган ариқда селитра миқдори меъёрдагидан 2 баробар кўплиги аниқланган. Бундан ташқари, бу ерда ўша кунлари 2 киши эмас, бир киши вафот этган бўлиб, унинг ўлими мазкур касаллик билан боғлиқ эмас.

Маҳаллий аҳоли эса хўжаликда тарқалган касаллик аломатлари айнан вабоникига ўхшаш эканини айтмоқда.

Аҳолининг фикрича, вабо касаллиги аломатлари туман сиҳат-саломатлик марказининг Ойбек номидаги ширкат хўжалиги ҳудудида “ҳар бир хонадонга тарқатилиши шарт”лиги айтилган хабарномасида қайд этилган.

“Диққат, хавфли касаллик! Шу кунларда аҳоли орасида ўта хавфли меъда ичак касалликлари, ҳатто вабо касаллигининг тарқалиши эҳтимоли бор. Вабо ўткир юқумли касаллик бўлиб, қусиш ва ич кетиш натижасида организм сувсизланиши билан кечади. Касалликка чалинган кишидан кўп миқдорда суюқлик чиқиб кетади, иштаҳаси йўқолиб, дармони қурийди. Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, ўлим юз беради”, - дейилади ушбу хабарномада.

Ўз исмини ошкор этмаган бекободликнинг таъкидлашича, шу кунгача вафот этган ва шифохонага ётқизилганларда айнан шу ахборотномада келтирилган аломатлар кузатилган.

Суҳбатдошнинг эътирофича, қишлоқда бир неча йиллардан бери тоза ичимлик сув йўқ эди. Касаллик айнан қишлоқдагиларнинг оқова сувдан фойдалангани натижасида келиб чиққан. 2 киши ўлиб, жуда кўп одам касаллангандан кейингина қишлоқ зудлик билан тоза ичимлик сув билан таъминланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти бошлиғи Саидмурод Саидалиев Бекободда вабо тарқалганини инкор қилди.

Унинг таъкидлашича, вазирлик мутахассислари вазиятни ўрганганида хўжалик аъзолари иш вақтида ариқдан сув ичиши натижасида ўткир меъда ичак касаллиги билан оғригани маълум бўлган. Айни пайтда беморларнинг барчаси тузалиб, шифохонани тарк этган.

Вазирлик мутасаддиси Ўзбекистонда вабо тарқалиши учун ҳеч қандай асос йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG