Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

Амударёда тошқин хавфи бор


Яқинда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги Тупроққалъа қишлоғи ҳудудидаги пахта экилган майдонлар Амударёда юз берган тошқин натижасида сув остида қолди.

Сув тошиш хавфи камаймагани сабабли айни пайтда қишлоқ аҳли хавотир остида яшамоқда.

Маълум бўлишича, Тупроққалъада тошқиннинг олдини олиш бўйича махсус комиссия иш олиб боряпти. Қишлоқ аҳли ҳам дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларига жалб этилган.

Қишлоқнинг “Гурлан” маҳалласида яшовчи Фарҳод Душамовнинг айтишича, тупроққалъаликлар қопларга қум тўлдириб, қирғоқларни мустаҳкамламоқда. Агар шундай қилинмаса, бу йил қишлоқ аҳли далалардан ҳосил ололмаслиги, натижада аҳволи янада оғирлашиши мумкин.

Мутасаддилар аҳоли турар-жойлари дарёдан анча баландда жойлашгани сабабли бино ва иншоотларнинг сув остида қолиш хавфи йўқлигини билдирди.

Аммо аҳолининг ташвиши пастликдаги экин майдонларидан. Чунки, шу қишлоқлик Раҳима Эшжонованинг таъкидлашича, бу ерда яшовчиларнинг асосий тирикчилиги деҳқончиликдан.

Амударё ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси бошлиғи биринчи ўринбосари Кеулимжай Саятов Амударёда сув сатҳининг кўтарилиш хавфи ҳали мавжудлигини билдирди. Чунки ҳаво ҳарорати ўта юқорилиги натижасида тоғларда қор эриши тезлашган.

Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Кенжабой Ортиқовнинг айтишича, Амударёда сув тошиш хавфи ҳар йили мавжуд. Шунинг учун вилоятда тошқинга қарши доимий комиссия иш олиб боради.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Улуғбек Зоҳидов тақдим этган маълумотга кўра, Тупроққалъадаги вазият хавотирли эмас. Чунки дарёда тошқин хавфи йўқ.
XS
SM
MD
LG