Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Ҳуқуқ ҳимоячиларини ураётганлар ким?


Шайбон Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзлари нафақат кўча-кўйда, балки ички ишлар идоралари ҳудудида ҳам номаълум кишилар ҳужумига дуч келаётганини билдирмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 21 июнь куни Тошкентдаги Собир Раҳимов тумани ИИБга олиб борилганида ўзи билан шундай воқеа содир бўлгани ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, ИИБ ҳовлисида уни фуқаро кийимидаги бир шахс қаттиқ ҳақорат қилиб, мушт туширган. Бу воқеа ИИБ раҳбарияти кўз ўнгида юз берган. Энг қизиғи, милиционерлар бу шахсга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмагани етмагандек, унинг кимлигини билмаслигини маълум қилган.

Шунга ўхшаш яна бир воқеани “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова ҳам гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева онасининг уйида экани, уйга бир гуруҳ милиция ходимлари кирмоқчи бўлаётганини телефон орқали хабар берган.

“Биз воқеа жойига етиб келганимизда милиция ходимлари йўлимизни тўсди. Милиционерлардан бири эшикни синдириб, уйга кираётганида биз ҳам ичкарига интилдик. Ўртада тўқнашув юзага келди. Бир милиция ходимининг бурни қонаб кетди. Шундан кейин у қандайдир жисм билан қўлларимни тимдалаб ташлади”, - деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова воқеа жойига АҚШ элчихонаси вакилларини чақиргани, элчихона вакили етиб келганини кўрган милиционерлар қочиб кетганини гапириб берди.

Е.Урлаеванинг таъкидлашича, уй эшигини синдириб кирган милиционерлар унга ва 77 ёшли онасига нисбатан куч ишлатган. Натижада онасига тез ёрдам чақиришга тўғри келган.

Мирзо Улуғбек тумани ИИБ вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда юқорида айтилган гаплар уйдирма эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG