Линклар

logo-print

Ўзбекларнинг ҳаммаси бир хил фикрлайдими?


Зикрилло Ишонч “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Андижон воқеалари юзасидан Тошкент шаҳрида аҳоли ўртасида сўров ўтказди. Сўровда турли касб, ёш ва табақага мансуб Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди.

Марказ мутахассиси Марат Ҳожимуҳаммедовнинг айтишича, сўров қатнашганларнинг 92 фоизи Андижон воқеасини террорчилик ҳодисаси сифатида баҳолаган. 95 фоиз аҳоли воқеа айбдорлари сифатида террорчилик ташкилотлари, шунингдек, “Ҳизб ут-таҳрир” ва акрамийлик оқимини кўрсатган. Сўров иштирокчиларининг 98 фоизи Андижонда давлат томонидан қўлланилган чора-тадбирларни маъқуллаган.

“Сўровдан аҳолининг умумий кайфияти аниқ бўлдики, одамлар Андижон воқеаларига ўзларининг салбий муносабатини билдиряпти ва кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлаяпти”, - деди М.Ҳожимуҳаммедов.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев бу сўров натижалари халқни алдаш давом этаётгани белгиси эканини, бундай ёлғонларга нафақат халқ, балки раҳбариятнинг ўзи ҳам ишонмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзларига қараганда, Тошкент аҳли Андижон воқеалари юзасидан анча-мунча муқобил маълумотларга эга. Бу ҳолат эса сўровда келтирилган рақамлар тўқиб чиқарилганини фош қилиш учун етарлидир.

Кузатувчи Бахтиёр Исобековнинг билдиришича, Ўзбекистонда ижтимоий сўров ўтказиш ҳукуматнинг муайян сиёсатини тасдиқлаш учунгина керак. Сўровлар натижалари ўзбекларнинг ҳаммаси бир хил фикрлайди, яъни ҳукумат нима деса, шуни қабул қилади, деган хулосани юзага чиқаради.

“Бизда ижтимоий сўров йўқ, ижтимоий буюртмани бажариш бор. 98 фоиз халқ ҳеч замонда бир хил фикрлайдими”, - деди Б.Исобеков.

“Ижтимоий фикр” маркази вакили М.Ҳожимуҳаммедов ўз ташкилоти номига айтилган танқидларни рад этди.

“Биз ҳеч қандай давлат буюртмасини бажармаганмиз. Тадқиқот олиб бораётганимизда ишимизга ҳеч ким аралашмайди”, - деди у.
XS
SM
MD
LG