Линклар

logo-print

Вашингтонда Андижон воқеалари муҳокама этилди


А.Арал Чоршанба куни Вашингтонда АҚШ Конгресси қошидаги Ҳелсинки комиссияси йиғилишида нутқ сўзлаган иштирокчилар Американинг Андижон воқеаларига муносабати юзасидан ташвишланиш билдирди. Йиғилишда Андижон воқеалари гувоҳи бўлган журналистлар¸ Ўзбекистоннинг етакчи мухолифат партияси раҳбари ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари ўтган ой Андижонда рўй берган воқеаларни муҳокама қилдилар. Улар шунингдек¸ Вашингтонни Ўзбекистон ҳукуматига Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширувлар ўтказишга рухсат бериш учун босим ўтказишга чақирдилар.

Андижон воқеаларидан олти ҳафта ўтиб¸ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ журналистлар ва мухолифат вакиллари яна бир бор Вашингтонни Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жиддийроқ позиция тутишга чақирдилар.

Уларнинг фикрича¸ АҚШ ҳукумати Ўзбекистон Президентини Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақиришининг ўзи етарли эмас¸ балки Вашингтон шундай текширув ўтказиш учун босимни кучайтириш ва Каримов билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши керак.

АҚШ Конгресси қошидаги Ҳелсинки комиссияси раиси Сенатор Сэм Бровнбакнинг айтишича¸ Ўзбекистон масаласи АҚШ сиëсатчилари учун жиддий муаммога айланган.

“Бундай давлат раҳбари билан ҳамкорлик манфаатларимизга путур етказмаслиги қачонгача давом этиши мумкин? Қисқа муддатли мақсадларни ўйлаб, узоқ муддатли мақсадалрни бой бермаяпмизмикин? Каримов билан ўзимизни бир қаторга қўйиб терроризмни мустаҳкамлаяпмизми ёхуд унга қарши курашяпмизми?¸ - деди сенатор Бравнбак.

Йиғилиш иштирокчиси Бўҳронларни олдини олиш халқаро гуруҳининг Осиë дастури директори Роберт Темплнинг билдиришича¸ ўтган йиллар давомида Каримов Вашингтоннинг ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги талабларини рад қилиб келган.

Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Марказий Осиë бўйича мутахассиси Ҳолли Картнернинг Ҳелсинки комиссиясида айтишича¸ Вашингтон Каримов талабларни бажариши учун аниқ муддат белгилаши керак. Мутахассисга кўра¸ агар Каримов Андижон воқеалари юзасидан халаро текширувлар ўтказиш ҳақидаги чақириқларни рад қилишда давом этса¸ АҚШ Ўзбекистондан ўз ҳарбий кучларини олиб чиқиши лозим¸ дейди Картнер.

“Бу яқин муддатда Каримов режимининг ўзгаришига, унинг ҳатти ҳаракатлари ўзгаришига ёрдам бермаса ҳам, Ўзбекистон халқига юборилган муҳим хабар бўлади. Охир оқибатта Ўзбекистон халқи АҚШ ҳукумати, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамияти уларни қўллаб-қувватлаши ва улар билан бирга эканини билишлари лозим”¸ - дейди мутахассис Ҳолли Картнер.

Кўп йиллардан буëн муҳожирликда яшаб келаëтган Ўзбекистон Эрк демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ АҚШ ҳарбий кучларининг Ўзбекистонда қолишига тарафдор эканлигини айтиб¸ АҚШ кучларининг Ўзбекистонда бўлиши¸ унинг таъбири билан айтганда¸ Хитой манфаатлари тарқалишининг олдини олишга ëрдам беради.
Ҳелсинки комиссияси эшитувида қатнашган Уруш ва тинчликни ëритиш институти мухбири журналист Галима Бухорбоева ҳамда Швейцарияда чиқадиган “Нойе цурихер цайтунг” газетаси мухбири Маркус Бенсманлар Андижон воқеаларининг тирик гувоҳлари бўлган.

Уларнинг айтишича¸ Андижон воқеалари исломчи экстремистлар томонидан уюштирилмаган¸ воқеалар жараëнида «Толибон” ва чеченлар каби чет элларда жойлашган жанггарилар кўзга ташланмаган.

Бухорбоевга кўра¸ 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига тўпланганлар 23 нафар маҳаллий тадбиркор устидан суд чиқарган адолатсиз ҳукмдан норози бўлган.
Майдонга чиққан халқ Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларига доир, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни ўтказишга чақирган. Ҳукматнинг бу талабларга жавоб минглаб одамларни огоҳлантирмасдан отишга буйруқ берган, дейди Бухорбоева.

“Анидижон фуқароларини – майдонга тўпланган барча болалар, ўсмирлар, аёллар қариялар ва журналистларни ўққа тутиш совуққонлик билан амалга оширилди. Бу оддий қилиб айтганда профессионал оммавий қирғин эди”¸ - дейди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG