Линклар

“Озодлик” мухбири шафқатсиз калтакланди

  • Садриддин Ашур

1 июнь куни “Озодлик” радиосининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Лобар Қайнарова Гулистондаги ўз уйи олдида шафқатсиз калтакланди. Айни пайтда у шифохонага ётқизилган.

Шу куни Лобар вилоятнинг Ховос туманида ўтказилган суд жараёнини ёритиш учун бориб, соат 17 лар атрофида у ердан қайтиб келаётган эди. Орқасидан кузатиб юрган 1 эркак ва 2 аёл Лобарни кўп қаватли уйнинг подъездига судраб кириб, калтаклай бошлади.

Ҳужум қилганлар Лобарнинг ҳомиладор эканини билиб, атайин қорнига зарба берган. Юз-кўзлари, боши, буйрак қисмига аёвсиз тепиб, урган. Зўравонлар Лобарнинг овоз ёзиш ускуналари, овозлар ёзилган дискетларини тортиб олди.

Вилоят шифохонаси нейрожарроҳлик бўлими мудирининг билдиришича, айни пайтда Лобарга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Гулистон шаҳри ички ишлар бўлими вакили майор Акбар Ашуровнинг сўзларига қараганда, ички ишлар ходимлари шифохонада ётган Л.Қайнарова билан суҳбатлашиб, баённома тузган. Бу иш 4-миттитуман участка нозири томонидан ўрганилмоқда. Айни пайтда Лобарни калтаклаганларнинг шахси аниқланган.

Сўнгги вақтларда Лобар сирдарёлик мухолифат вакиллари фаолиятига доир бир неча лавҳалар тайёрлаган эди. Шундан сўнг, Лобарнинг айтишича, баъзилар ундан сиёсатга аралашмасликни, акс ҳолда унга оиласи орқали таъсир ўтказиш чоралари кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Лобар калтаклаганлардан бирини танишини, бу ҳақда ички ишлар ходимларига кўрсатма берганини ҳам маълум қилди.

“Озодлик” радиоси ўз мухбирига қилинган ҳужум муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Сирдарё вилояти ҳокимлигига мактуб йўллаб, айни ҳолат юзасидан қатъий чоралар кўрилишини сўради.
XS
SM
MD
LG