Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:34

Журналист талабалар сарсон-саргардон бўладиганга ўхшайди


Озодбек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини бошқа бинога кўчириш тўғрисида қарор қабул қилгани журналист талабаларда кучли норозилик уйғотмоқда.

Айни кунларда факультетни Талабалар шаҳарчасидаги уч бино – физика, география ва компьютер технологиялари факультетларига кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Ўринбой Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, журналистика факультетининг Бобур кўчасидаги 4 қаватли биноси педагогика университетига берилади. Мазкур университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бинолардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида шундай қарорга келинди.

Журналистика факультети талабалари бу қарордан норозилигини яширмаётир. Уларнинг айтишича, аввалига бинони таъмирлаб яна ўз эгаларига қайтариб бериш ваъда қилинган эди. Бу ваъда бажарилмади. Бундан ташқари, физика факультети биносида ҳам журналистлар учун алоҳида аудиториялар ажратилмагани маълум бўлган.

“Биз, журналист талабалар, бу қарордан норозимиз. Биз том маънода кўчада қолдик”, - деди талабалар.

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети биноси бундан илгари ҳам бир неча марта кўчган эди. Факультет талабаларининг авваллари ҳам ҳар жойга кўчиб, сарсон-саргардон бўлгани, муқим жойга ёлчимаганини фахрий журналист Шароф Убайдуллаев яхши эслайди.

Унинг фикрича, буларнинг барчаси журналистларнинг қадр-қиммати масаласига бориб тақалади.

“Ҳозир, аввало, бизнинг мамлакатда журналист ўз қадр-қимматини йўқотиб бўлди. Ҳозир журналистнинг қадр-қимматига йиғлайдиган пайт. Журналистларимиз лаббайчи бўлиб қолаверса, эрта-индин улар билан бир жойда ўтириш одамларга ҳам малол келадиган бўлиб қолади”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Таажжубли жиҳати шундаки, журналистика факультети нисбатан қулайликларга эга бўлган ўз биносидан ажраб қолаётган бир пайтда президент Ислом Каримовнинг қарорига асосан Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида махсус олий журналистика курси ташкил этилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили Қодиржон Рўзиевнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, аслида бу курс 60 ўринли магистратура бўлиб, фарқи шундаки, бу курсда барча таълим йўналишлари бакалаврлари таҳсил олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG