Линклар

Навбатдаги ҳуқуқ ҳимоячиси бедарак кетди

  • Садриддин Ашур

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти Зомин тумани бўлими раҳбари Улуғбек Каттабоев беш кундан буён дом-дараксиз. Унинг оила аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бундан ташвиш билдирмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, ўзига 4 июль куни У.Каттабоевнинг хотини Нилуфар Каттабоева қўнғироқ қилиб, эри 29 июлдан буён дом-дараксиз эканини хабар қилган ва уни топишда ёрдам сўраган.

“Шуниси қизиқки, У.Каттабоев уйидан чиқиб кетаётганида менинг ва кўплаб халқаро ташкилотларнинг телефон рақамлари ва манзилларини хотинига берган ҳамда ўзига бир нарса бўлса, шуларга мурожаат қилишни тайинлаган. Ўзи ички ишлар бўлимига кетаётганини айтган. Биз шундан ташвишга тушяпмиз”, - деди Б.Ҳамроев.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, У.Каттабоев устидан жиноят иши очилган бўлиб, бу юзасидан тергов ҳаракати олиб борилаётган, унинг ўзи эса шу вақтгача очиқда юрганди. У.Каттабоев ўзи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ҳимоя қилган кишилардан пул олишда айбланмоқда. Бироқ “Эзгулик” раҳбарлари у ўзи яшайдиган ҳудуд муаммоларини кўтариб чиққани учун таъқиб қилинаётганини билдиряпти.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ходими “Озодлик” мухбирига У.Каттабоев устидан қўзғатилган жиоят иши билан вилоят прокуратураси шуғулланаётганини маълум қилди.

Ходим У.Каттабоев ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини, аммо бу ҳақдаги аниқ маълумотни вилоят прокуратурасидан олиш лозимлигини таъкидлади. Бироқ прокуратура вакиллари бу ҳақда маълумот беришни истамади.
XS
SM
MD
LG