Линклар

Қаршининг юбилейи қолдирилди..ми?


Фирдавс Норасмий манбалар жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги тантаналари молиявий танқислик туфайли келаси йилга қолдирилганини билдирмоқда.

Бу хабарни шаҳар ҳокимлиги вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида ҳам қисман тасдиқлади. Унинг айтишича, тантаналарни 2006 йилга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлиб, айни пайтда тасдиқлатиш учун ҳукуматга жўнатилган.

Аммо юбилейнинг қолдирилиши тантаналар муносабати билан қурилиши мўлжалланган иншоотларни битириш учун маблағ етишмагани сабаб бўлганини расмийлар инкор қилмоқда.

Хусусан, барча юбилей иншоотлари қурилиши учун асосий буюртмачи бўлган “Қашқадарё инжиниринг” компанияси раҳбари ўринбосари Мелимамат Холиқов маблағ борасида танқислик йўқлигини билдирди.

Қаршининг 2700 йиллигини ўтказишга тайёргарлик 2004 йилдан бошланганди. Айни пайтда шаҳарда амфитеатр, болалар истироҳат боғи, олимпия захиралари спорт коллежи, марказий ва айланма йўлларни кенгайтириш каби кўплаб қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Бу ишларнинг умумий ҳажми қарийб 39 миллиард сўмликни ташкил этади. Мазкур маблағнинг 12 миллиард 800 миллион сўми республика бюджетидан, 3 миллиард сўмдан ортиғи маҳаллий тадбиркорлар томонидан ажратилиши белгиланган.

Маълум бўлишича, 30 дан ортиқ иншоотнинг бирортасида ҳам иш шу пайтгача мукаммал тугалланмаган. Фақат болалар истироҳат боғи ва йўлларнинг бир қисмигина юбилейга тайёр бўлган, холос.
XS
SM
MD
LG