Линклар

logo-print

Журналист касбий фаолияти учун калтакландими?


Феруза

“Озодлик” радиосининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Лобар Қайнарованинг калтаклаб кетилишига мамлакатдаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган аксарият журналистлар ҳеч қандай муносабат билдиришни истамади.

Улар ўз қарорини бу ҳодиса тафсилотларини яхши билмаслик ёки ўта банд эканлиги билан изоҳлади. Жумладан, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов ҳам воқеага муносабат билдириш учун, аввало, уни ўрганиши кераклигини айтиш билан чекланди.

Журналист Мурод Жамолов Ўзбекистон журналистлар билан бўладиган бунга ўхшаш ҳолатларда мамлакатда сўзга, ижод ва ижодкорга ҳақиқий муносабат кўзга ташланишини таъкидлади.

Унинг айтишича, бундай воқеалар ҳақида ўзбек матбуоти ҳамиша сукут сақлайди. Бунинг сабаби журналистлар ўртасида бирдамлик йўқлиги, бу бирдамликни таъминлайдиган ташкилотнинг номигагина ишлашидир.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳамкасбларига нисбатан юз берадиган шунга ўхшаш ҳар қандай ҳодисани сиёсатнинг меваси, деб баҳолашини маълум қилди.

“Ҳукумат ахборот курашларида ютқазди. Шу сабабли у журналистларни ҳатто калтаклашгача, жисмоний ва маънавий азоблар беришгача бормоқда”, - деди А.Ташанов.

Унинг билдиришича, Ўзбекистонда журналистлар ўртасида жуда кучли парокандалик мавжуд ва бу ҳолат Л.Қайнарованинг калтакланиши каби ҳодисаларни умумжурналистик ҳуқуқ ҳамда манфаатларнинг бузилиши, деб баҳолашга йўл бермайди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам Л.Қайнарованинг калтакланишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Лобар сўнгги вақтларда бир неча жиддий лавҳалар тайёрлаган эди. Уни калтаклаганлар диктофон ва овозлар ёзилган дискетларни олиб кетгани бу ҳужум Лобарнинг журналистик фаолиятига қаратилганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Лобар 1 июль куни Сирдарё вилояти туманларидан бирида бўлиб ўтган суд жараёнида қатнашиб, уйига қайтиб келаётганида 1 эркак ва 2 аёл томонидан шафқатсиз калтакланганди. Бахтли тасодиф туфайли Лобарнинг қорнидаги бир неча ойлик ҳомиласига зарар етмади.
XS
SM
MD
LG