Линклар

Электрик ток уриб ўлди. Шериклари жароҳатланди. Қарғиш тегдими?


Дилнаво Куни-кеча Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллалардан бирида коммунал хизматлардан қарздор оила хонадонини электр тармоғидан узиб қўймоқчи бўлган электрик ток уриб ўлди.

Маълум бўлишича, мазкур хонадон соҳиблари 4 ойдан буён коммунал хизматлар ҳақини тўламагани учун 47 минг сўм қарздор бўлиб қолган. Хонадонни электр тармоғидан узиб қўйиш топшириғини олган электриклар 4 киши келган. Улардан бири симёғочга чиқиб, токни узаётганида бахтсиз ҳодиса юз берган.

“Электрик ярим соатдан ортиқ симга осилиб ётди. Уни симёғочдан оладиган одам бўлмади”, - дейди воқеа гувоҳлари.

Гувоҳларнинг айтишича, марҳум электрикнинг бу ҳолдан чўчиб кетган шериклари машинага ўтириб, асосий электр тармоғини узгани шошиб кетаётганида машина дарахтга урилган ва ичидагилар жароҳатланган.

Электриклар электр тармоғидан узиб қўйган хонадонда электр таъминоти ҳали ҳам тиклангани йўқ. Уй соҳибасининг сўзларига қараганда, мана уч кундирки, уч хонадон чироқсиз ўтирибди.

“Нафақани ўз вақтида олмаймиз. Ўғлим ишламайди. Отаси ногирон. Мен пенсионерман. Пул топиб тўласак, нафақа олгунча яна қарзга ботамиз. Ўчиришдан олдин огоҳлантиришмаган бизни. Ҳозир эса бўлиб ўтган воқеа судда кўриладиган иш, деб чироғимизни ёқиб беришмаяпти”, - дейди хонадон соҳибаси.

Маҳалла аҳли юз берган нохуш воқеа халқнинг норозилиги натижаси бўлганини айтмоқда.

“Одамларни норози қилиб, симни кесиб ташлагани учун шундай бўлдимикин ҳам деб ўйлаяпмиз. Ўзбек бир бурда нонга зор бўлганида ҳам чироғини ёқиб ўтиради. Қарздор бўлса, кечроқ бўлса ҳам тўлайди. Одамларнинг шароитини ҳам ҳисобга олиш керак-ку”, - деди маҳалладагилар.

Шаҳар “Электр тармоқлари” корхонаси ходимининг сўзларига қараганда, турар-жойларни электр таъминотидан узиб қўйиш корхона раҳбарларининг буйруғи асосида амалга оширилади.

“Адолатга ишонч” адвокатлик бюроси раҳбари Шарофиддин Маманабиевнинг таъкидлашича, раҳбарларнинг электр тармоқларини узиш қарори юридик кучга эга эмас. Бу ҳолат электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари томонидан ўзбошимчалик билан жорий этилган. Электр тармоғидан узиш фақат суднинг қарори орқали амалга оширилиши мумкин.

Қонунга кўра, истеъмолчи билан маҳсулот тарқатувчи ўртасида шартнома тузилиши керак.

“Қонун йўли бир ёқда қолиб кетиб, - дейди адвокат, - коммунал хизматлар идоралари қарздор истеъмолчиларнинг чироғини, газини, иссиқ ва совуқ сувларини узиб қўймоқда”.
XS
SM
MD
LG