Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:10

Мударрис бедарак йўқолди


Тўлқин 29 июнь куни Қозондаги мусулмонлар мадрасасининг собиқ мударриси, асли наманганлик ўзбеклардан бўлган 43 ёшли Алишер Усмонов қамоқдан озод этилиши асносида бедарак йўқолди.

А.Усмонов шу куни 9 ойлик қамоқ жазосини ўтаб бўлиб, озодликка чиқиши керак эди.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган хабарда айтилишича, қариндошлари уни олиб кетиш учун эрталаб вақтинчалик ҳибсда сақлаш изоляторига келганида А.Усмонов бу ерда бўлмаган. Изолятор ходимлари А.Усмоновни эрталаб бешда номаълум шахслар олиб кетганини маълум қилган.

Татаристон Бош Прокуратураси навбатчиси “Озодлик” мухбирига А.Усмоновнинг бедарак йўқолгани прокуратурага номаълум эканини билдирди.

Аммо “Мемориал” вакили Виталий Пономарёв прокуратуранинг бундан бехабар бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

“Ахир Россиянинг барча газеталари А.Усмоновни Волгабўйи ҳудудини қамраб олган қандайдир даҳшатли экстремистик ташкилотнинг асосий ташкилотчиси, деб ёзаётган бир пайтда прокуратура бундан қандай қилиб бехабар бўлиши мумкин”, - деди у.

“Мемориал” маркази тарқатган хабарда таъкидланишича, 1998 йилда Ўзбекистон ҳукумати А.Усмоновга конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан жиноят иши қўзғаган. Бироқ А.Усмонов Россия фуқароси бўлгани сабабли РФ Бош прокуратураси уни экстрадиция қилишга розилик бермаган.

Шундай бўлса-да, В.Пономарёвнинг тахминича, А.Усмонов махфий равишда Ўзбекистонда топширилган бўлиши мумкин. Чунки илгари шу каби ишлар кузатилган. Масалан, 2003 йилда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Саратовда араб тилидан дарс берадиган Маннобжон Раҳматуллаев ва унинг куёви Ривожиддин Раҳмоновни Ўзбекистонга беришни рад этган, аммо кейинчалик улар Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбирига А.Усмоновнинг экстрадиция қилингани тўғрисида маълумотга эга эмаслигини, ҳозирча бу воқеа юзасидан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Хуллас, А.Усмоновнинг бедарак йўқолганини қарийб бир ҳафта бўлди. Аммо унинг қаердалиги ҳамон сир бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, А.Усмонов Қозондаги “Ал-Кавсар” мадрасасида мударрислик қилган. У Волгабўйида “Ҳизб ут-таҳрир” ноқонуний партияси фаолиятини йўлга қўйиш ва Чеченистонга жангарилар жўнатиш каби Россия Федерал хавфсизлик хизмати тақдим этган айбловлар асосида 2004 йил 29 сентябрда ҳибсга олинганди. Лекин бу айбловлар судда ўз исботини топмаган, шунга қарамай, А.Усмонов ноқонуний равишда уйида қурол сақланганлик айби билан жорий йил 2 июнда 9 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

А.Усмонов судда ўзига қўйилган бу айбни ҳам рад этганди. Унинг айтишича, тинтув пайтида уйидан топилган граната ва ўқ-дорилар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан атайин ташлаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG