Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:34

Унутилган Тупроққалъа


Хоразм вилоятидаги Тупроққалъа қишлоғи аҳли ўзини маҳаллий ҳокимият эътиборидан четда қолган деб ҳисоблайди. Ҳазорасп тумани марказидан 150 километр узоқда жойлашган бу қишлоқ ижтимоий муаммолар гирдобида қолган.

Қишлоқ ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Амударё бўйидаги ўзлаштирилган ерда барпо этилган. Ўша пайтда вилоятнинг турли ҳудудларидан кўчиб келган кишилар бепул турар-жой билан таъминланганди. Қишлоқ аҳлининг айтишича, улар ўн йилча анча яхши шароитларда кун кечирган. Бироқ сўнгги ўн йилда уларнинг турмуш шароити ўта ночор аҳволга тушиб қолган.

Тупроққалъалик Раҳима Эшжонованинг сўзларига қараганда, қишлоқ аҳлининг асосий қисми ишсиз. Бу эса аҳолининг кескин қашшоқлашувига олиб келган.

“Қишлоқда иш йўқ. Одамлар фермерларга иш сўраб боришга мажбур бўляпти. Ихтиёрий равишда ўзимизни эксплуатация қилдиришга маҳкуммиз. Бошқа иложимиз йўқ”, - дейди Р.Эшжонова.

Қишлоқ аҳлининг яна бир катта муаммоси ичимлик сув танқислигидир. Одамлар ариқ сувини ичишга мажбур бўляпти.

Тупроққаъла Амударё бўйида жойлашган. Яқинда дарё суви тошиши оқибатида экин майдонлари сув остида қолди. Хайриятки, аҳоли уйлари дарё сатҳидан анча баландда жойлашгани сабабли зарар кўрмади.

Тупроққалъаликларнинг билдиришича, сув йўқлиги сабабли томорқалардан самарали фойдаланиш имконсиз. Дов-дарахт ҳам қуриб қолган.

“Жамоа хўжалиги вақтида сув бор эди. Хўжалик тугатилгандан кейин бошчи бўлмай, сув чиқарадиган насослар талон-тарож қилинди. Маҳалла уч йил сувсиз қолиб кетди. Мевали дарахтларнинг ҳаммаси қуриб бўлди”, - дейди қишлоқликлар.

Қишлоқда мактаб ва болалар боғчаси ишлайди. Аммо, “Ҳазорасп” маҳалласилик Гўзал Матёқубованинг таъкидлашича, овқат сифати ёмонлиги учун кўпчилик фарзандини боқчага бермайди. Бундан ташқари, мактабда ўқитиш сифати ҳам жуда паст. Тиббий хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмас.

Тупроққалъа туман марказидан анча узоқда жойлашгани сабабли қишлоқ аҳли кўплаб муаммоларга дуч келяпти.

“Бизда маъмурият йўқ. Туман раҳбарлари шунча узоқда жойлашган қишлоқни қандай назорат қилсин? На ҳуқуқий маслаҳатхона, на нотариус бор. Бирор масалада кимга арз қилишни билмаймиз”, - дейди тупроққалъаликлар.
XS
SM
MD
LG