Линклар

Жасадларинг қолди ёр, Волгоград томонларда


Феруза 3 июль куни Россиянинг Волгоград вилояти туманларидан бирида Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўмилган мина портлаши оқибатида ўзбекистонлик икки мавсумий ишчи ҳалок бўлди.

Волгоград вилояти ички ишлар бош бошқармаси вакиласи Татъяна Подстребалинанинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ҳалок бўлганлар қорақалпоғистонлик 1985 йилда туғилган С.Сафаров ва 1987 йилда туғилган А.Саъдиевдир. Улар вилоятнинг Городишенко туманида шу йил 1 сентябргача мавсумий ишчи сифатида рўйхатдан ўтган.

ИИББ вакиласининг сўзларига қараганда, ҳалок бўлганлар далада ишлаётганида мина топиб олган ва уни ўзларича текшириб кўрмоқчи бўлган. Натижада портлаш юз бериб, ҳар иккаласи ҳаётдан кўз юмган.

Волгоград вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчиси Юрий Васильевич ҳам ИИББ маълумотларини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, ўтган йили ҳам Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ шунга ўхшаш фалокат содир бўлганди. Вилоятнинг бир туманида мавсумий ишчиларнинг фарзандлари топиб олинган минани ўзларича текшириб кўрмоқчи бўлганида юз берган портлаш натижасида оғир жароҳатлар олганди.

Маълум бўлишича, ҳалок бўлган қорақалпоғистонлик йигитларнинг жасадлари Городишенко ўликхонасида жўнатилган. Жасадларни шу вақтгача ҳеч ким сўраб келмаган.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиллари билан ҳам мулоқотда бўлди. Улар ҳалок бўлган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазият ҳақида эшитгач, мазкур масала ўрганиб чиқилиши, ўлган мигрантларни дафн қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга имкор қадар кўмак берилишини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG