Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Судлар қаттиқроқ жазоси бера бошлади


Сўнгги икки кун ичида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган икки суд жараёнида ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган 14 киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

6 июль куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида худди шундай жиноятлар содир этишда айланган 6 киши устидан ҳукм чиқарилди. Айбланувчилар Зиёдилло Ўринбоев, Нўъмонжон Раҳмонов, Собир Аллаев, Мирзараҳмон Жумабоев, Сайдулло Тилаволдиев ва Садриддин Ҳайдаров 5 йилдан 9 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Улар жазони умумий тартибдаги колониясида ўтайди.

Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов суд ёпиқ тарзда ўтказилгани, унга инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва журналистлар киритилмаганини билдирди.

С.Икромов судда иштирок этган гувоҳлар, айбланувчиларнинг яқинлари ва адвокатлари орқали сўраб-суриштиришлар суд адолатсиз ўтган, деган хулосага олиб келганини таъкидлади.

“Адвокатлар айбланувчилар турли варақалар ташлаб қўйилиб ҳибсга олингани, суд жараёнида бирортасининг айби исботланмагани ҳақида гапирди”, - деди С.Икромов.

5 июль куни ҳам Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида Жиноят кодексининг 244-2-прим моддаси (диний, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланган 8 киши устидан ҳукм ўқилган эди. Суд судланувчилар Шукрулло Тўраев, Сайдуллохон Ҳайдаров, Хуршид Оқилов, Ҳакимжон Шариф ўғли, Нуриддин Камолов, Дилшод Муҳсинов, Тўлқин Тўраев ва Тўлқинбой Абдухолиқовни 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этди.

С.Икромовнинг билдиришича, мазкур суд жараёни бўйича ўтказилган мониторингда судья судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги даъволарни инобатга олмагани аниқланган.

Ўтган йили худди шу каби моддалар билан айбланаётганларнинг аксарияти кўпи билан 5-6 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган эди. Нега ҳозир худди шундай айблар билан судланаётганларга нисбатан қаттиқроқ жазо қўлланиляпти?

С.Икромов бу саволга жавоб берар экан, Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат судларга диний айблар судланаётганларга қаттиқроқ жазо қўллашни топширгани аниқ кўриниб қолаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG