Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:08

“Эрк” аъзоси “Бўрон” қўзғашда айбланмоқчи


Феруза “Эрк” демократик партиясининг Нуробод туманилик фаоли, туман ўқувчи ёшлар ижодий маркази директори Бобомурод Мавлонов вилоят миллий хавфсизлик бошқармасининг ўзига нисбатан ҳаракатларидан қаттиқ хавотирга тушмоқда.

Б.Мавлонов Самарқанд вилояти МХБ ходимлари уни гўёки “Эрк” томонидан ҳокимиятни эгаллаш мақсадида ишлаб чиқилган “Бўрон” операцияси бўйича иш олиб боришда айблашга уринаётганини билдирди.

Унинг айтишича, ҳатто МХБ ходимлари партия аъзоларидан бирини шу ҳақда Б.Мавлоновга қарши кўрсатма беришга мажбурлаган. Туман ҳуқуқ-тартибот органлари унинг ўзига тўғридан-тўғри тазйиқ ўтказаётгани йўқ. Аммо унинг қўл остидаги хизматчилар ва “Эрк”нинг тумандаги аъзоларини унга қарши ҳаракатларни амалга оширишга ундамоқда.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов 15 май куни ўзи Нуробод туманига бориб келганидан кейин Б.Мавлоновга тазйиқлар, айниқса, кучайиб кетганини маълум қилди. Унинг фикрича, “Эрк” аъзосига бўлаётган тазйиқлар ҳукумат мухолифатнинг барча вакиллари ва демократик фикрловчи кишиларга қарши жиддий, пухта тайёрланган чоралар кўришга қаттиқ киришганининг бир мисолидир.

“МХХ бир ишни бекорга бошламайди. У кичкина ишга қўл урмайди. Бу сценарий бир ойдан бери тузиляпти. Кишиларни чақириб, “Орипов “Бўрон” операцияси ҳақида гапирди” каби мазмунда ёздириб олиняпти”, - деди О.Орипов.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холиқназар Ғаниевнинг таъкидлашича, Б.Мавлоновга нисбатан тазйиқлар илгаридан бўлиб келмоқда. Энди эса кампаниябозликка айланиб қолган элга шарманда қилиш усули ёрдамида уни янада кучли сиқувга олишга уринишлар бўляпти.

Самарқанд МХБ вакили “Озодлик” мухбирига Б.Мавлоновнинг иддаолари юзасидан фақат бошқарманинг юқори лавозимли раҳбарлари маълумот бериш ваколатига эга эканини айтиб, юқорида келтирилган даъволарга изоҳ билдиришни истамади.
XS
SM
MD
LG