Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:36

Фермерлар яна етимдек кўрилди


Фирдавс Маълум бўлишича, Қашқадарёда далалардан давлатга топширилиши лозим бўлган ғалла ҳосили йиғиштириб олиниши билан комбайнлар фермерлар далаларини тарк этган. Бу эса фермерлар улушини йиғиштириб олишни 15-20 кунга кечиктирган.

Бу йил вилоятда ўтган йилдагидан кўра кўп ҳосил етиштирилди. Расмий маълумотларга кўра, шу кунгача Қашқадарёда 350 минг тоннага яқин ғалла йиғиштириб олинган.

Аммо жуда яхши хирмон кўтарган касбилик фермерлар бу йил ғалати ҳолатга дуч келгани билдирди. Уларнинг сўзларига кўра, давлатга топшириладиган ҳосил йиғиб олингач, комбайнлар бошқа далаларга йўл олган. Фермерга қолиши лозим бўлган ғаллани ўриш эса анча кечикиб кетган.

“Ғалла ўриш кечикса, ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлади. Бундан ташқари, иккинчи экин экиш ҳам анча кечикиб кетади”, - дейди касбилик бир фермер.

Маълумотларга кўра, бу йил вилоят далаларида 400 дан ортиқ комбайн ишлаган. Машина-трактор парклари ҳам фермерлар билан ғаллани ўриб бериш тўғрисида шартномалар тузган.

Фермерларнинг айтишича, бу шартномаларда ғалланинг давлатга тегишли қисмини ўриб, фермерларга тегишли қисмини қолдириб кетиш мумкинлиги ёзилмаган. Фақат ғалла ўриб берилиши кўрсатилган, холос.

Фермерлар улушини ўриб беришнинг кейинга қолдирилганини вилоят машина-трактор парклари бирлашмаси раҳбарлари давлат режасини тезроқ бажаришга уриниш билан изоҳлади.

Фермерларнинг таъкидлашича, ғалла пишиб етилгач, 10-15 кун давомида ўрилмай турса, гектаридан 6-10 центнергача ҳосил нобуд бўлади.
XS
SM
MD
LG