Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:53

Амударё халқнинг “шўрига шўрва тўкди”


Амударё суви тошиши оқибатида Элликқалъа туманидаги “Қилчиноқ” фермер хўжалиги далалари ва шу ҳудудда жойлашган жуда кўп турар-жой иншоотлари сув остида қолиб кетди.

Аҳолининг айтишича, тошқин туш вақтида содир бўлган. Бу ҳудудда қорақалпоғистонлик ва хоразмликларнинг юздан ортиқ дала ҳовлиси бўлиб, кишилар ҳеч нарсасини олиб чиқишга улгурмаган.

“Уйларнинг деярли ҳаммаси зарар кўрди. Миллионлаб сўмлик буюмлардан ажралдик”, - дейди уйлари сув остида қолган кишилар.

Қорақалпоғистонлик Кумушой Очилова шу ердаги дала ҳовлилардан бирида доимий яшайди. Унинг билдиришича, тошқиндан сўнг бу ерда доимий яшайдиганлар оғир аҳволда қолган. Боғ ва далалардаги ҳосил бутунлай нобуд бўлган.

Тошқин натижасида экинлар 1-1,5 метрлик сув остида қолди. Энди пахта, шоли каби экинлардан ҳосил олишнинг иложи бўлмайди. Одамлар сабзи ва пиёз ҳосилини сув остидан йиғиштириб олишга ҳаракат қиляпти.

Айни пайтда дала ҳовлиларга фақат қайиқлардагина ўтиш мумкин. Одамлар омон қолган зарур жиҳозларини шу йўл билан бехатар жойга олиб ўтмоқда.

63 ёшли Константин Копаченко тошқин вақтида дала ҳовлисининг иккинчи қаватига чиқиб, жон сақлаб қолган. Костя тоға қачонлардир дарё тошишини билиб, уйини мустаҳкам қурганини, шунинг учун ҳеч қаерга кўчмаслигини айтади. Бошқаларнинг эса уйларини сув олиб кетгани ёки ярим вайрона ҳолга келгани учун эндиликда қаерга борарини ўйлаб боши қотган.

Элликқалъа тумани ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда тошқин оқибатида кўрилган зарар ҳисоб-китоб қилинмоқда. Тошқин оқибатида зарар кўрган аҳолига товон пули тўланиши ҳам номаълум.

Хоразм вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари вилоятда тошқин хавфи йўқлигини таъкидлаётган бўлса-да, Амударёда шу кунларда сув одатдагидан анча кўп. Маълум бўлишича, дарёда сув кўплиги боис, уч кундирки, Чолиш-Беруний кўприги ёпиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG