Линклар

Матвафо фермер олма еб кун кўряпти


Хўжалик юритишда турли муаммоларга дуч келиб, молиявий тангликка тушиб қолган хоразмлик фермер Матвафо Матёқубов нонга пул топа олмаганидан айни кунларда олма еб кун кечиряпти.

“Емоққа нон йўқ. Болаларим оч қолди. Уч-тўрт кун олма еб қорин тўйғаздим. Бу бор ҳақиқат”, - дейди фермер.

Қўшкўпир туманидаги Қатағон қишлоғида яшовчи 56 ёшли М.Матёқубов “Саида Матёқубова” фермер хўжалигини шу йил ташкил этганди. Техника билан вақтида таъминланмагани сабабли баҳорда экиш анча кечиккани учун фермернинг даласида чигит тўла униб чиқмади.

М.Матёқубовнинг айтишича, ўз вақтида ёқилғи ва техника билан таъминланмагани боис ер қуриб кетиб, чигит кўкармаган. Ўрнига маккажўхори эккан, бироқ шўр ерда у ҳам униб чиқмаган.

Айни пайтда фермерга қарашли 9 гектар пахта майдонининг 7 гектарида ғўза умуман йўқ. Қолган 2 гектарда ҳар ерда бир ниҳол кўриш мумкин.

М.Матёқубовнинг таъкидлашича, даласидаги аҳвол ҳақида тегишли барча идораларга хабар берган. Бироқ бирор киши келиб ҳолидан хабар олгани, ерига бошқа экин экишга рухсат бергани йўқ.

“Кунгабоқар экиб, ҳосил олсам, барча харажатларимни чиқариб олар эдим. Лекин ҳеч ким дардимга қулоқ солмаётир”, - дейди фермер.

“Қўшкўпир-Хоразм” муқобил машина-трактор парки раҳбари Ҳайитбой Рўзматов фермер М.Матёқубов ўз вақтида техника билан таъминланганини айтди. Унинг билдиришича, фермерга пахта технологияси бўйича ҳам кўрсатмалар берилган, бироқ у ўз билганича иш тутгани учун шу аҳволга тушган.

Ҳ.Рўзматов фермернинг чигит униб чиқмаган далаларига мутахассислар чақирилиб, хулосаси олингани, даласига бошқа экин экиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Айни пайтда М.Матёқубов фермерлик фаолиятидан воз кечиб, Қозоғистонми, Россиями, Туркманистонга кўчиб кетишни режалаштираётганини билдирди.

“Каримов раҳбарлик қилаётган ерда яшамайман. Бу ерда қонунларнинг ижроси йўқ. Қачон бўлса ҳам имкон қадар тез кўчишим керак. Бу ерда очдан ўлиб қолиш ҳеч гап эмас”, - дейди фермер.
XS
SM
MD
LG