Линклар

ШҲТ Варшава шартномаси ўрнини эгалламоқчими?


Тўлқин 5 июль куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида асосий эътибор ҳудудий хавфсизлик ва геосиёсий масалалар муҳокамасига қаратилди.

Ўзбекистонлик кузатувчилар саммитнинг бу жиҳати ўз вақтида иқтисодий, савдо ва чегара масалаларини ҳал қилиш мақсадида ташкил этилган бу ташкилотнинг вазифалари ўзгариб бораётганидан далолат эканини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, ШҲТ таркибида аксилтеррор тузилманинг пайдо бўлиши ташкилотнинг сиёсийлашуви йўлидаги илк қадам эди. Бу сиёсатда ташкилотга аъзо икки қудратли давлат – Россия ва Хитойнинг геосиёсий манфаатлари асосий ўрин тутади. ШҲТнинг кўпроқ хавфсизлик масаласига урғу бераётганига собиқ иттифоқ ҳудудидаги мамлакатлардаги “рангли инқилоблар” ҳам сабаб бўляпти. Чунки ШҲТ аъзолари бу каби ҳокимият ўзгаришларидан чўчиб қолган. Улар АҚШ ва Ғарб мамлакатларининг Марказий Осиёга таъсирини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатларининг қудратли давлатлар ўртасидаги бу геосиёсий ўйинларда иштироки минтақа ривожланиши ва халқлари учун кўпроқ зарар келтиради.

“Марказий Осиёни кимнингдир геосиёсий манфаатлари рўбарў келадиган, турли кучлар тўқнашадиган марказга айлантириш бугун ҳам, келажакда ҳам жуда зарарлидир. Ҳозир минтақага бундай ўйинлар эмас, сармоялар, юқори технологиялар керак”, - деди сиёсатшунос.

Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби давлатлар ҳам ШҲТга аъзо бўлишга интилмоқда. ШҲТ ва унинг тарафдорлари ўзларида мавжуд сиёсий тизим нуқтаи-назаридан бир-биридан кескин фарқ қилади.

Бу ҳолат, М.Абдураззоқовнинг эътирофича, ташкилот сиёсий реалликдан анча узоқ эканини кўрсатади. Масалан, ШҲТга аъзоликка интилаётган, салкам ўзаро душман бўлган Покистон ва Ҳиндистоннинг сиёсий манфаатлари кўп масалада бир-бирига мос келмайди. Эроннинг бу ташкилотга яқинлаштирилиши эса жуда катта хато бўлади.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Россия ва Хитой бошчилигида бошланган бу сиёсат провардида АҚШ ва Европа Иттифоқига ўхшаш таъсир доирасига эга янги марказ ташкил этилишига олиб келиши мумкин.

ШҲТ саммитида халқаро хавфсизликнинг янги концепциясини ишлаб чиқиш тўғрисида декларация қабул қилинди. Унда мустақил давлатларнинг ички ишига аралашмаслик масаласига алоҳида урғу берилади. Саммитда Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбий базаларининг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон бўлиш муддатига аниқлик киритилиши масаласи ҳам илк бор муҳокама этилди.

Т.Йўлдошев ШҲТ минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласида мутлақо бошқача ёндашувга эга эканини алоҳида таъкидлади.

“ШҲТ Андижонда халққа ўт отган Ислом Каримовникига ўхшаган тизимларни қўллаб-қувватламоқчи ва бу тизимларни қўллаб-қувватлашни минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўймоқда”, - деди Т.Йўлдошев.

К.Алиевнинг сўзларига қараганда, ШҲТнинг ҳаракатлари “совуқ уруш” йилларидаги Ғарбга қарши бўлган Варшава шартномаси ўрнини босишга уринаётгандай бўлиб кўринмоқда.
XS
SM
MD
LG