Линклар

logo-print

“Конституцияга тажовуз қилувчилар” 20 тага камайди

  • Садриддин Ашур

7 июль куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорликда айбланган 20 кишини 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Эрталабдан суд биноси атрофида кучайтирилган назорат ўргатилди. Бу ерга судланувчиларнинг яқинлари йиғила бошлади. Мазкур суд жараёнини мониторинг қилгани келган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси Фарида Раҳимова милиция ходимлари томонидан мажбуран машинага миндирилиб, ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

Суд мажлисига судланувчиларнинг фақат биттадан қариндоши киритилгани судга қатнашгани келган бошқа қариндошларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шунингдек, судга ҳуқуқ ҳимоячилари ва хорижий ОАВ мухбирлари ҳам киритилмади.

Тушга яқин судланганларнинг яқинлари суд залидан йиғлаб чиқиб кела бошлагани суд ҳукми анойи бўлмаганидан илк далолат эди. Бироз ўтиб айбланувчилар 5 йилдан 17,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлди.

Судланувчиларнинг яқинлари сўзларига кўра, жазога тортилганларга барча айблар мажбуран юкланган. Судда уларнинг айби исботланмаган бўлса-да, жуда қаттиқ жазо тайинланган.

“Адвокатлар айбланувчиларнинг гуноҳи йўқлигини судда тўла исботлаб берди. Аммо уларнинг бирорта гапи инобатга олинмади”, - деди судланувчиларнинг бирининг қариндоши.

Адвокатлардан бири эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда суд қонун доирасида ўтгани, аммо жуда оғир жазолар тайинланганини таъкидлади.

Икки оғиз судланувчилар ҳақида. 2004 йил сентябр ойида Тошкент шаҳридаги Ғалабанинг 40 йиллиги мавзесида яшовчи қирққа яқин ёшлар тақиқланган диний оқимга алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Улардан 19 нафари тергов ва судда иштирок этиш шарти билан ҳибсдан озод этилганди. Ҳибсда бўлган 20 киши устидан тергов жараёни 10 ойга яқин давом этди. Уларнинг аксарияти 24-30 ёшдаги йигитлар бўлиб, бир мактабда ўқилган синфдошлар ва маҳалладошлардир. Улар ўқувчилик йилларида маҳалла масжидида диний билимни биргаликда ўрганган. Мактабни тугатгач, кимдир ўқиш, кимдир тижорат ва бошқа касбларнинг бошини тутиб, тарқаб кетган.

Айбномага кўра, судланувчиларнинг аксарияти ваҳҳобийликка алоқадор топилган ва аксариятига нисбатан Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 244 (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларга алоқадорлик), 28-модда орқали 97-модда (қотиллик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, баъзи судланувчилар 155 (терроризм), 127 (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 161 (қўпорувчилик), 164-моддалар (босқинчилик) бўйича айбланган.

Маҳалладошларидан бирининг таъкидлашича, судланганларнинг бор-йўқ айби намоз ўқиганидир.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари шу куни эрталаб судланувчиларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш мақсадида суд биносини пикет қилмоқчи эди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари милиция ходимлари ўзларини уйларидан чиқармаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG