Линклар

Ҳибсдаги Оқпўлатовнинг аҳволи оғир


Феруза Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Норбой Холжигитов ва Саттор Ризаев билан бирга бундан бир ярим ойча муқаддам ҳибсга олинган Ҳабибулла Оқпўлатовнинг аҳволи анча ташвишланарлидир.

Бу ҳақда Н.Холжигитовнинг ўғли Ҳаётилла “Озодлик” радиосига маълум қилди. Унинг айтишича, яқинда Иштихон туманининг Бобур номидаги жамоа хўжалигида яшовчи бир неча ҳамқишлоқлари билан ҳибсдагиларни кўргани борган.

“4 июнь куни Оқпўлатов терговга олиб кетилаётганида уни кўрдим. У карахт ҳолатда бўлиб, турганимизни ҳам сезмагандек олдимиздан ўтиб кетди. Юриши ҳам суст. Ўзини олиб кетаётган милиционерга суяниб юрганди. Лекин ташқи томондан қийноққа солинганга ўхшамайди. Балки қандайдир уколь қилингандир”, - деди Ҳаётилла.

Ҳаётилланинг қўшимча қилишича, ҳозир отаси ва у билан бирга ҳибсда сақланаётганларга адвокат этиб Ғофур Неъматов тайинланган. Аммо бу адвокатни ҳибсдагиларнинг яқинлари танимайди. Аввалги адвокат Аслиддин Сувонқуловни терговчилар мазкур иш билан шуғулланишга қўймаётир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими берган маълумотга кўра, ҳозирча Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасига Ҳ.Оқпўлатовнинг саломатлиги юзасидан ҳеч қандай шикоят тушмаган. Шунингдек, Н.Холжигитов ва Ҳ.Оқпўлатовнинг адвокати ўзгармаган. Уларни тергов жараёни бошиданоқ А.Сувонқулов ҳимоя қилмоқда. Ҳ.Оқпўлатов иши билан Ғ.Неъматов қўшимча адвокат сифатида шуғулланяпти.

Н.Холжигитов ва икки сафдоши ҳибсга олингандан кейин улар яшайдиган қишлоқ аҳли бир неча марта кўп кишилик норозилик акцияси ўтказган эди. Маҳаллий раҳбарлар ҳибсдагиларни озод қилиш чораларини кўришга ваъда бериб, халқни бироз тинчлантирганди.

Бироқ, Ҳаётилланинг сўзларига қараганда, отаси ва икки сафдошини озод этиш йўлида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаётгани бобурликларнинг норозилигини янада оширмоқда.

“Ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан жиноят ишини уюштирганлар, туҳмат қилганлар жамоа хўжалиги раиси Ўктам Хонназаров ва унинг акаси, туман фермер хўжаликлари уюшмаси раиси Қаюм Тиркашев бўлади. Халқ уларнинг уйини ёқиб юбормоқчи”, - дейди Ҳаётилла.
XS
SM
MD
LG