Линклар

Қирғизистон бош прокурори террорчилик ва диний экстремизмда айбланган ўзбекистонлик қочқинлар ўз ватанларига қайтарилишини маълум қилди.


“Айтиб ўтилган Ўзбекистон фуқароларининг 29 нафари Ўшдаги ҳибсхонада сақланмоқда. Ўзбекистон томонининг маълум қилишича, улар қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланмоқда. Жумладан 14 нафари 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳридаги қамоқдан қочган. Уларнинг нафақат Акрамийлар, деб номланувчи ман этилган диний гуруҳга, балки ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ходимларини ўлдирганлик, Ўзбекистон ҳудудида давлат объектларига тажовуз қилганлик ва террор ҳаракатларини амалга оширганликка алоқfдорлиги ҳақида маълумотлар бор.”
Бош прокурор Азимбек Бекназаров қочқинларнинг неча нафари Ўзбекистонга қайтарилишини айтмади. Унинг айтишича, Қирғизистон ўзининг халқаро мажбуриятларига асосан террорчилик, экстремизм, халқаро ва бошқа жиноятларда айбланаётган жиноятчиларни ўз ватанларига қайтаради.
Эслатиб ўтамиз, май ойида рўй берган Андижон вқоеаларида ҳукумат қўшинлари халққа қарата ўт очганидан кейин 500га яқин ўзбекистонлик қўшни Қирғизистонга қочиб ўтган. Ҳозирда улардан 420га яқини у ерда қолган ва бошпана сўраган.
Халқаро ҳамжамият ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қочқинлар Ўзбекистонга қайтариладиган тақдирда қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Андижон воқеаларида Ўзбекистон ҳукумат қўшинлари асосан тинч аҳоли вакилларидан иборат бўлган норозилик намойиши иштирокчиларига қарата ўт очгани оқибатида, инcон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, 750дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Расмий маълумотларга кўра эса, ҳукумат қўшинлари қуролсиз аҳолига қарата ўт очмаган ва 170га яқин одам ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG