Линклар

Британия пойтахти Лондонда бири-кетин содир этилган портлашларда ўнлаб одам ҳалок бўлди ва юзлаб киши жароҳатланди.


Лондон шаҳар полиция бошлиғи ўринбосари Брайан Пэддик пайшанба куни Лондонда содир этилган портлашларда камида 33 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Пэддик ҳозирча, тўртта портловчи мослама портлагани аниқланганини айтди.
“Бугунги воқеаларда, билишимизча, тўртта мослама портлаган. Полиция портлашлар ҳақида огоҳлантиришлар олмаган. Ва полиция хизмати бирор гуруҳ портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиши ҳақида маълумот олгани йўқ”, - деди полиция расмийси.
Айни пайтда, Исломий интернет саҳифаларидан бирида тарқатилаган баёнотда ўзини Ал-Қайдага алоқадор, деб айтган гуруҳ портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Биринчи портлаш метро поездида содир бўлди. Дастлаб расмийлар портлаш электрдаги қисқа туташув оқибатида рўй берганини айтди. Бироқ метродаги кейинги портлашлар ва ундан кейин бирин-кетин шаҳар автобусларининг портлашидан сўнг бунинг террор ҳаракати экани ҳақидаги таҳминлар пайдо бўлди.
Метродаги портлаш гувоҳларидан бири буларни гапириб берди:
“Одамлар бақира бошлади чунки ҳамма жойни куйганнинг ҳиди босиб кетганди. Қисқаси ҳамма энди ўлсак керак, деб ўйлаганди. Одамлар калима келтира бошлади, худога ибодат қила бошлади. Ҳамма саросимада вагон ичига ҳаво кириши учун ойналарни қўллари билан синдиришга уринаётган эди. Аёллар хушидан кетган, ҳамма саросимада эди.”
Шотландиянинг Гриниглс шаҳрида катта саккизлик саммитига мезбонлик қилаётган Британия бош вазири Тони Блэйр бугунги музокаралар бошланишидан олдин берган баёнотида Лондондаги портлашлар катта сакизлик учрашувини бузишга қаратилган террор ҳаракати эканига шубҳа йўқлигини айтди.
“Лондонда қатор террор ҳаракатлари амалга оширилгани кўриниб турибди. Қурбонлар борлиги маълум. Ҳаёлларимиз ва ибодатларимиз билан қурбонлар ва уларнинг оилаларига ҳамдардмиз”.
Блэйр бугун катта саккизлик учрашувларидан қисқа танаффус олиб, Лондонга бориб қайтди.
Айни пайтда, Лондондаги портлашлардан кейин АҚШ темир йўллар тизимида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Вашингтонда портловчи моддаларни топишга ўргатилган итлар етаклаган патрул хизматлари шаҳар метроси ва автобусларни кўздан кечирмоқда. Шунингдек, Ню Йоркда ҳам метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Россия ҳукумати ҳам Москва ер ости транспортида хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида буйруқ берди.
Бундан ташқари Испания, Франция, Италия ва Германияда жамоат транспорти ва савдо марказларида қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилди.
XS
SM
MD
LG