Линклар

“Москва механизми” расмий Тошкентни чўчитадими?


Шайбон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяси агар Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув учун шароит яратмаса, расмий Тошкентга нисбатан “Москва механизми” қўлланилиши мумкинлигини билдирди.

ЕХҲТ ПАнинг 14-сессияси якунида қабул қилинган ва “Вашингтон декларацияси” номини олган бу ҳужжатда: “ЕХҲТ ПА Ўзбекистон ҳукуматини БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг Андижон фожеасини ўрганиш масаласида мустақил, халқаро комиссия учун шаффоф шароит яратиб бериш ҳақидаги даъватига эътибор қаратишга қатъий тарзда чақиради”, - дейилади.

Ҳужжатда Тошкент ҳамкорликдан воз кечса, унга нисбатан “Москва механизми” қўлланилиб, ЕХҲТ Ўзбекистонга фавқулодда миссия юборишга мажбур бўлиши таъкидланади.

Ўзбекистон расмийлари бу баёнот юзасидан сукут сақлашни афзал билаётган бир пайтда маҳаллий кузатувчилар унинг ўта жиддий оҳангда эканини эътироф этмоқда.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияга ва бошқа халқаро пактларга қўшилган, улардаги мажбуриятларни ўз зиммасига олган ҳолда бажармаган, боз устига, қўпол тарзда бузган ҳар қандай давлатга ПА мустақил тарзда тегишли чораларни кўриши мумкин. Ташкилотнинг шундай ҳуқуқлари бор.

“Бугун ҳеч кимга сир эмаски, - деди суҳбатдош, - Ўзбекистон ҳукумати Андижонда бир қанча қўпол хатти-ҳаракатларни амалга оширди. Бу хатти-ҳаракатлар мамлакат раҳбари ўз вақтида имзолаган халқаро ҳужжатларга зиддир”.

Б.Мусаев агар Россия ва Хитой ЕХҲТнинг бу чақириғига қарши чиқиб, Ўзбекистонни қўллайдиган бўлса, мантиқан нотўғри йўл тутган бўлади, деб ҳисоблайди. Зеро, унинг айтишича, бундай ҳолатнинг узоқ сақланиб туриши мамлакат ичида янгидан янги, янада оғир ижтимоий портлашларни юзага чиқариши мумкин.

Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойберганов ЕХҲТ ПАнинг бу ҳужжатини ўта жиддий огоҳлантириш сифатида қабул қилиш жоизлиги билдирди.

Аммо мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев бу чақириқнинг қандайдир муҳим натижаларга олиб келишига шубҳа билан қарамоқда.

“ЕХҲТ ва БМТ устави бирор мамлакатнинг ички ишига аралашишга рухсат этмайди. Улар фақат тавсия бериши мумкин. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган саммитида ҳам Ўзбекистон президенти мамлакатга ташқаридан ҳар қандай комиссияга киришига рухсат берилмаслигини билдирди”, - деди у.

А.Аннаев Хитой ва Россия бу борада Ўзбекистонни қўллаши аллақачон аниқ бўлгани, бу ШҲТ саммитида қабул қилинган декларацияда ўз аксини топганини билдирди. Бу декларацияда ШҲТ минтақада барқарорликни таъминлашда асосий кафолат экани қайд этилади. Бу эса ЕХҲТ ҳам, БМТ ҳам минтақа ишларига аралаша олмайди деганидир.

И.Худойбергановнинг фикрича, Ўзбекистон ЕХҲТ ПАнинг чақириғига қандай муносабатда бўлишини тахмин қилиш жуда қийин. Агар расмий Тошкент бу каби чақириқларга аввалгидек рад жавоби беришда давом этса, ЕХҲТ қатъийроқ чоралар қўллашга мажбур бўлади.

А.Аннаев ҳам бу фикрни маъқуллади. Унинг эътирофича, агар Ўзбекистон ҳукумати халқаро текширувга рухсат бермаса, ўз тақдирига ҳукм чиқариш билан тенг бўлади. Зеро, Европа давлатлари ва АҚШ ЕХҲТ чиқариши мумкин бўлган қарорга қўшилишга мажбур бўлади. Бу қарор Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни узишгача бориб етиши мумкин.

“Вазият бу даражага бориб етмаслиги ҳам мумкин. Чунки кечадан бошлаб ПАга раислик Россияга ўтди. Россия маълум муддатгача Ўзбекистонни ҳимоя қилишга уринади”, - деди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG