Линклар

Ҳарбий хизматчилар ижара уй учун қўшимча пул олади


Тўлқин Ўзбекистон президентининг энг сўнгги чиқарилган қарорларидан бири мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирларни белгилаб беради.

Қарорга кўра, 2005 йил 1 июлдан контракт бўйича хизмат қилаётган, аммо тураржой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик учун Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг тўрт бараваригача, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, туман марказларида энг кам иш ҳақининг 2 бараваригача миқдорда пул компенсацияси берилади. Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган ҳолатда пул компенсация миқдори 50 фоизгача оширилади.

Мудофаа вазирлиги вакиллари “Озодлик” мухбирига айни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида қизғин ишлр олиб борилаётганини маълум қилди.

Захирадаги ҳарбий хизматчи, капитан Раҳматулла Алибоевнинг сўзларига қараганда, қарорда кўрсатилган бу имтиёз илгари ҳам мавжуд бўлган. Фақат тўланадиган пул миқдори Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 2 баробари, вилоятларда эса 1 баробари миқдорида эди.

Сиёсатшунос Комрон Алиев Ўзбекистон Қуролли кучлари хизматчилари сони Марказий Осиёдаги бошқа давлатларникига нисбатан кўпроқ бўлгани учун уларни тураржой билан таъминлашда муаммолар мавжудлигини билдирди.

“Қарор ижарада турадиган ҳарбий хизматчиларга қаратилгани уларни тураржой билан таъминлашда ҳали муаммолар кўплигини яна бир бор тасдиқлайди”, - деди сиёсатшунос.

Қарорда унинг ижросига масъул раҳбарлар уч ой муддатда Қуролли кучлар ҳарбий хизматчиларини тураржой билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши лозимлиги белгиланган.

Р.Алибоевнинг таъкидлашича, тураржойга эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ижара уй учун товон пули олишда талай қоғозбозликларга дуч келади.
XS
SM
MD
LG