Линклар

Ўзбекистон матбуоти танқид остида


Турғунбек

Ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида МДҲ мамлакатлари журналистларининг ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Унда собиқ иттифоқ ҳудудида ОАВ ва журналистлар фаолияти кенг муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистондаги ОАВ ва журналистлар аҳволига, айниқса, катта эътибор қаратилди. Муҳокамада қатнашганлар Ўзбекистондаги вазият уларни жиддий ташвишга солаётганини алоҳида қайд этди. Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ОАВ маълумотларни бирёқлама, яъни ҳукумат талабидан келиб чиқиб тарқатади. Ўзбек матбуоти учун “томонлар муносабати” тушунчаси бутунлай ёт. Бу ҳолат бугун нафақат Ўзбекистон аҳолисига, балки қўшни давлатларга ҳам маълум.

Учрашув иштирокчиларидан бири қирғизистонлик Кубан Мамбеталиев ўз мамлакати ва Ўзбекистон ОАВси ўртасида жуда катта фарқ борлигини билдирди.

“Бизда инқилобгача барча ОАВ бир шахсга сиғиниш услубида ишлар эди. Ҳозир ундай эмас. Ўзбекистонда телевидениеда куй-яллалар, газеталарда кроссворду сканвордлар, алмисоқдан қолган ишқий мавзулар бор. Буларнинг барчаси халқни сиёсатдан чалғитиш, холос”, - деди К.Мамбеталиев.

Марказий Осиё мамлакатларидаги ОАВ ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мониторинги маркази Қирғизистон бўлими мувофиқлаштирувчиси Медер Имакеевнинг билдиришича, қирғизистонликлар Ўзбекистон мустақил деб аталадиган ОАВга ҳам ишонмайди. Улар асосий маълумотларни Интернетдан олишни маъқул кўради.

Маълум сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган, ўзбек матбуоти томонидан салкам Андижон фожеасининг ташкилотчисига чиқариб қўйилган журналист Галима Бухорбоева ҳукумат аскарлари одамларни отиб, ёзиладиган мавзуни ўзи туғдириб берганини таъкидлади.

“Агар улар одамларни отмаганида бизга ёзадиган мавзунинг ўзи бўлмасди. Биз ўша ерда нима воқеа бўлганини ёздик, холос. Бор гап шу. Ҳақиқатни айтадиганларга ҳужум уюштириш ҳар қандай диктаторнинг охири кўринмаётган сиёсатидир Яъни атрофдагиларнинг барчаси айбдор, ҳамма ёмон – фақатгина улар топ-тоза. Гўё улар одамларга қарата ўқ узганини ҳеч ким билмайдигандек”, - деди Г.Бухорбоева.

Учрашувда Олмаота шаҳрида 4 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармасининг Ўзбекистон бўлимини очиш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
XS
SM
MD
LG